Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат университетларида контракт нархи 3 йил давомида ошмаслиги кўрсатилган фармонни имзолади. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «urfu.ru»

Маълум қилинишича, президент томонидан «Таълим хизматларига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва таълим ташкилотлари молиявий фаолияти шаффофлигини таъминлаш бўйича айрим чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор имзоланган. Унга кўра, мазкур ҳужжат олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари талабалари, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар, ногирон болалар, I ва II гуруҳ ногиронларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Фармон матнига қараганда, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва ўрта касб-ҳунар таълими муассасаларида пуллик таълим хизматлари тарифлари кейинги 3 ўқув йилида Қирғизистон фуқароси бўлган талабалар учун оширилмайди.

Қайд этилишича, мамлакатда коронавирус пандемиясининг тарқалиши ва фавқулодда ҳолат режими жорий этилганидан буён талабаларнинг контракт нархини пасайтириш, ўқув тўловини кечиктириш ва унинг тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича мурожаати кўпайган. Бундай мурожаатлар сонининг ўсиши, биринчи навбатда, пандемия даврида кўплаб оилалар даромад манбаcидан айрилиб, ўқиш харажатини тўлиқ тўлай олмагани билан боғлиқ бўлган.

Таъкидланишича, Қирғизистон фуқаролари учун давлат университетларида ўқишнинг ўртача нархи йилига 32 минг 391 сом (4 миллион 111 минг 682 сўм), хорижликлар учун 48 минг 876 сомни (6 миллион 204 минг 272 сўм) ташкил қилади. Хусусий университетларда қирғизистонликлар учун ўртача йиллик таълим нархи 55 минг 100 сом (6 миллион 994 минг 341 сўм), хорижликлар учун эса 96 минг 396 сом (12 миллион 236 416 сўм) ҳисобланади.

Аввалроқ Қирғизистонда ҳукумат вакилларига хизмат автомобилларини сотиб олиш тақиқланиши хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси тайёрлангани маълум қилинганди.