Янгиликлар - 14:48 · 12.12.2021

Қўйлиқ бозори кўчирилишига норозилик билдириб, йўлни тўсганларга чора кўрилди

Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги аҳоли Қўйлиқ бозори кўчирилишига норозилик билдириб, машиналар йўлини тўсиб қўйгани хабар қилинганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га уларга қандай чора кўрилганини маълум қилди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

«Bugun.uz» бозор олдида юзага келган тартибсизлик юзасидан маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати билан боғланганди. Вазирлик матбуот котибининг маълум қилишича, бозордаги вазият Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган.

Шунингдек, нашр мухбири пойтахт ИИББ билан ҳам боғланган. Такъидланишича, бозор ҳудудида ҳеч қандай норозилик акцияси ёки митинг ўтказилмаган. Бозор кўчирилиши тўғрисида сотувчилар ва аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ «Bugun.uz»га норозилик билдирганларнинг 5 нафарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195 (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш)га кўра 5-7 сутка мамурий қамоқ жазоси тайинланганини очиқлади.

Аввалроқ Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик бозор Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FoodCity» савдо марказига кўчирилиши маълум бўлган.