Россияда 8 йил олдин қотиллик содир этган ўзбекистонлик эркак Қозоғистонда ушланди

Россияда 8 йил олдин қотиллик содир этган 30 ёшли ўзбекистонлик эркак Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ушланди. Бу ҳақда «Московский Комсомолец» хабар берди.

Фото: «Regnum»

Маълум қилинишича, Россиянинг Новосибирск вилоятида 2013 йилда содир этилган қотиллик ва одам ўлдиришга суиқасд бўйича жиноий иш судга оширилган. Вилоят прокуратурасининг хабар беришича, қотиллик иш бўйича айбланувчи ва икки аёл ўртасида Ленинск туманидаги хонадонлардан бирида содир бўлган.

Айтилишича, номаълум сабабга кўра уларнинг ўртасида низо келиб чиққан. Шундан сўнг эркакнинг жаҳли чиқиб аёлларга ҳужум қилган. Улардан бирига 8 марта, иккинчисига эса камида 11 марта пичоқ урган. Оқибатда жабрланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчисини шифокорлар қутқариб қолган.

Жиноят содир этилганидан кейин эркак қочиб кетган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан яширинган. 2021 йил май ойида эса унинг қўшни давлат ҳудудида экани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бош прокуратура талабига биноан гумонланувчи Нур-Султон шаҳридан экстрадиция қилинган. Қайд этилишича, жиноий иш Ленинск суди томонидан кўриб чиқилади. Эркак 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аввалроқ Россияда давлатлараро қидирувдаги 55 ёшли ўзбекистонлик аёл ушлангани ва Россияда халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олингани хабар қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз