Янгиликлар - 19:45 · 12.12.2021

Тошкент вилоятида ҳайкал ва кутубхона қурилиши учун ажратилган 34 млрд сўм бюджетга қайтарилди

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуднинг аввалги ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан имзоланган фармойиш билан ажратилган 34 миллиард сўмни бюджетга қайтариш тўғрисида ҳужжат имзолади.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режаси орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил ноябрь ойидаги фармойишига мувофиқ ажратилган 34 миллиард 400 миллион сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланган.

Ушбу маблағ вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида вилоят ҳокимлигига 1 650 000 000 (бир миллиард олти юз эллик миллион) сўм маблағ ажратилди.

Бунда Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил 3 ноябрдаги «Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда ‘Nurafshon Business Cityʼ ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилиши тўғрисида»ги фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова ҳайкал мажмуасини қуриш учун 28,4 миллиард ҳамда замонавий кутубхона биносини қуриш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича фармойиш чиқарганди.

Унга кўра, жами 34,4 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджетнинг 2021 йил III чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» ДУКга ажратилиши белгиланган.