Ҳиндистонда хакерлар мамлакат бош вазири Нарендра Модининг Twitter аккаунтини бузиб кирди. Бу ҳақда бош вазир идораси Twitter’да хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, хакерлар аккаунтни жуда қисқа вақт давомида назорат қилган. Ҳолат тўғрисида Twitter раҳбарияти огоҳлантирилгач, аккаунт дарҳол ҳимояланган. Кейинроқ бош вазир идораси аккаунт бузиб кирилган қисқа вақт ичида унда чиққан твитларга эътибор бермасликни сўраган.

«Bloomberg»нинг хабар беришича, хакерлар Модининг аккаунтида Ҳиндистон расман биткоинга қонуний тўлов воситаси мақомини бергани ҳақида твит эълон қилинган. Шунингдек, мамлакат фуқароларга тарқатиладиган криптовалюта сотиб олгани айтилган.

Маълумотларга кўра, бош вазирнинг аккаунти 2020 йил сентябрь ойида ҳам бузилган. Ўшанда аккаунтни хориж фильми қаҳрамони Жон Уик бузгани ҳақида ёзув пайдо бўлган. Шундан сўнг хакерлар Нарендра Модининг аккаунти орқали бош вазир коронавирус билан курашиш учун ташкил этган фондга криптовалюта хайрия қилишга чақирган бир нечта твитлар жойлаштирган.

Аввалроқ Байден Ҳиндистон бош вазирига Америка журналистлари устидан шикоят қилганди. Шунингдек, Ҳиндистон расмийлари 2,5 минг каркидон шохини ёқиб юборганди.