«2021 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳолининг инфляцион кутилмалари 16,5 фоизни ташкил этган», деб хабар бермоқда Марказий банк ахборот хизмати.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, сўровнома иштирокчилари келгусида нархлар ошишига асосий омиллар сифатида миллий валюта курсининг қадрсизланиши (47 фоиз), ёнилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши (43 фоиз) ҳамда улгуржи савдо нуқталарининг камайиши натижасида маҳсулотлар таклифининг қисқаришини (23 фоиз) келтирган.

Масалан, Ўзбекистон бозоридаги энг сифатсиз бензин маркаси йил бошидан буён 70 фоизга қимматлаган. Миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашинув курси салбий томонга тинимсиз ўсиб бормоқда. Қолаверса, бутун республика бозорлар экотизимининг боши ҳисобланган Қўйлиқ деҳқон бозорида савдо қилувчи тадбиркорларнинг бошқа жойга кўчирилиши кузатилди.

Марказий банк ахборотида қайд этилишича, қўшни давлатлардаги юқори инфляция кўрсаткичи импорт қилинаётган товарлар нархининг ошишига (35 фоиз) олиб келиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларини оширувчи роль ўйнаган.

Ўзбекистон хорижий савдо ҳамкорлари, айниқса, Россияда ушбу ҳолат кучли кўзга ташланмоқда. Ноябрь ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 15,6 фоизгача юқорилади, медиана қиймати эса 13,4 фоизни ташкил этди.

Маълум қилинишича, сўровда қатнашган иқтисодиёт субъектларининг деярли 14 фоизи келгусида турар жой, тижорий бино ҳамда ижара тўловларининг ҳам ошишини билдираётган бўлса, маҳаллий бошқарув органларининг аралашуви давом этиши мумкинлиги респондетларнинг 13 фоизи томонидан кутилмоқда.