Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг қизи Алия Шагиева «Ҳалоллик уйи» очади. Бу ҳақда унинг Instagram’даги саҳифасига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Фото: «24.kg»

Маълум қилинишича, Алия Шагиева рассом бўлиб, «Ҳалоллик уйи»да хоҳловчиларга чексиз, қўрқувсиз ижод жараёнини ўргатиш ниятида экани айтилган.

«‘Ҳалоллик уйиʼ болалар ва катталар учун ижодий устахона бўлади. Ҳалоллик санъатнинг асоси сифатида ижодкорликнинг бош тамойилидир. Бу ерда янги ва илғор рассомлар ўз кузатувини ўзига ва бошқаларга нисбатан ҳалолликни, маънавиятни техника билан уйғунлаштириш орқали самимий ифода этишни ўрганади», — дея қайд этган Шагиева.

Маълумот ўрнида, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри Первомайский туман судида собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қарши яна суд жараёни бошланганди.

Маълум қилинишича, Атамбаев суд залида ўзига қарши қўзғатилган жиноят ишларига изоҳ берган. «Эҳтимол, 21 та ҳолат бўлиши керак, шунда ҳисоб тўғри бўлади. Бу барча айбловлар ҳеч қандай сабабсиз ва хаёлий эканидан далолатдир. Биз буни жуда яхши биламиз», — деган айбланувчи.

Шунингдек, у журналистларнинг кўрсатма беришни хоҳлайсизми, деган саволига қуйидагича жавоб берган. «Мен ҳар доим бир марта гапираман: бермайман деб айтдим, гувоҳлик бермайман», — деган собиқ президент. Маълумот учун, Атамбаев қамоқдан қандай чиқмоқчилиги айтилганди. Унга кўра, собиқ президент суд қарори билан қамоқдан қонуний тарзда озод қилинишини хоҳлаши таъкидланган.

Атамбаевнинг қамоқхонадалигига икки йилдан ортиқ вақт бўлди. Сиёсатчи 2019 йил август ойида Қўй-Тош воқеаларига асосан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган Азиз Батукаевни ноқонуний озод этишга алоқадорликда айбланган. У 2020 йил 5–6 ва 9 октябрь кунлари Ала-Тоо майдонида тартибсизликлар уюштиришда ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда гумон қилинган.

Бу ишда Атамбаев билан бир қаторда президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов, собиқ хавфсизлик ходими Канат Сагимбаев ва мамлакат ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам иштирок этган. Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбаев 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган.

Аввалроқ Алмазбек Атамбаевнинг саломатлиги борасида эксперт хулосаси эълон қилинганди. Шунингдек, унинг машинасига ўқ узган эркак бўйича маълумот берилган.