Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатлар демократиядан оммавий қирғин қуроли сифатида фойдаланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «NTV» хабар берди.

Фото: «Freedom House»

Маълум қилинишича, АҚШ ушбу қуролдан фойдаланган ҳолда кириб бораётган мамлакатларни вайрон қилмоқда. «АҚШ саммитни мафкуравий нотўғри қарашларни яратиш, демократиядан қурол сифатида фойдаланиш йўлларини топиш, бўлиниш ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқариш учун ташкил қилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ХХР шу тариқа онлайн режимда ўтказилган ва АҚШ томонидан ташкил этилган демократия саммитига муносабат билдирди. Унга Хитой вакиллари таклиф этилмаган. Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг фикрича, бу мафкуравий нотўғри қарашларни давом эттириш ва мамлакатлар ўртасида бўлиниш ҳамда қарама-қаршилик келтириб чиқариш учун қилинган.

Маълумот ўрнида, АҚШ президенти Жо Байден Америка расмийлари бутун дунёда демократияни қўллаб-қувватлаш учун сарфланадиган маблағни икки баравар оширишини айтганди. Оқ уйнинг маълум қилишича, Байден эълон қилган демократияни янгилаш АҚШ бюджетига 424 миллион долларга тушади. Дастурнинг мақсадлари ҳукуматнинг «ошкоралиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш» ва сайловлар институтини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Ўзбекистонни демократия бўйича саммитга таклиф қилмагани маълум бўлганди. Келтирилишича. саммитга 110 та давлат таклиф қилинган. Улар орасида Хитой, Россия ва Қозоғистон ҳам йўқ. Шунингдек, Венгриядан ташқари барча Европа Иттифоқига аъзо давлатлар саммитга таклиф этилган. АҚШнинг NАТО бўйича иттифоқчиси бўлган Туркия ҳам таклиф қилинган давлатлар рўйхатидан жой олмаган.

Байден маъмурияти Польша, Ҳиндистон ва Филиппинни саммитга таклиф қилган. Собиқ СССР мамлакатлари орасида Украина, Арманистон, Грузия, Молдова, Литва, Латвия ва Эстония таклиф этилганлар рўйхатидан ўрин олган. Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон иштирокчилар орасига киритилмаган.

Рўйхатга кўра, Саудия Арабистони, Форс кўрфазидаги араб давлатлари, Эрон, Шимолий Корея, Венесуэла, Никарагуа, Судан ва Эфиопия, шунингдек, Африка, Лотин Америкаси, Осиёнинг бир қатор бошқа давлатлари таклиф этилганлар орасидан ўрин олмаган.

Аввалроқ демократия тобора кучсизланиб бораётган дунё давлатлари эълон қилинганди. Шунингдек, Британия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни баҳолаганди.