Тошкент вилоятида ҳайкал ва кутубхона қурилиши учун ажратилган 34 миллиард сўм бюджетга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, бу жараён бекор қилинмаган, шунчаки кечиктирилган.

Фото: Telegram

Таъкидланишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 молия йилини самарали якунлаш мақсадида ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши зарур бўлган муҳим тадбирлар кўламини инобатга олиб, 2021 йил давомида вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши таҳлил қилинган.

Унга кўра, 2021 йил якунига қадар вилоят ҳокимининг 2021 йил 23 апрелдаги фармойишига асосан камералар учун, 2021 йил 30 апрелдаги фармойишига асосан кичик саноат зонасида ичимлик ва оқова сув тармоқларини улаш учун ҳамда 2021 йил 3 ноябрдаги «Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш тўғрисида»и фармойишига асосан ажратилган маблағларни белгиланган тадбирлар бўйича ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмагани сабабли ўзлаштириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бюджет кодексига асосан, молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида амалга оширилиши белгиланганидан келиб чиқиб, Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши билан келишилган ҳолда юқоридаги тадбирларга ажратилган маблағлар қисман чегирилган.

Шунингдек, вилоятда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан қарздорликлар шаклланган бўлиб, чегирилган маблағлар вилоятда олиб борилаётган ва молиялаштирилиши зарур бўлган бошқа мақсадлар ҳамда кредитор қарздорликларни бартараф қилишга йўналтирилиши белгилаб олинган.

«Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш ишлари бекор қилинмади, фақат кечиктирилди. Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш бўйича фармойиш бекор қилинмаган, аксинча, жорий йил молия йили давомида ажратилган маблағларнинг ишлатилмаган қисмидан самарали фойдаланиш ва бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун чегириб олинган. Ушбу объектга келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилади», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова ҳайкал мажмуасини қуриш учун 28,4 миллиард ҳамда замонавий кутубхона биносини қуриш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича фармойиш чиқарганди.

Унга кўра, жами 34,4 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджетнинг 2021 йил III чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан «Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» ДУКга ажратилиши белгиланган.