Бугунги Ўзбекистон ҳудудида христианлик дини ўчоқлари анча илгари пайдо бўлган бўлса-да, ушбу диннинг православ оқими кириб келиши 150 йиллик тарихга эга. Хусусан, ХIХ аср ўрталарида Туркистон ҳудудининг бир қисми Россия империяси томонидан босиб олиниши ерсиз ва қашшоқ аҳолининг шимол томондан кўчирилиши билан бир даврда содир бўлди.[1]

Диний бағрикенглик мавзусидаги туркум мақолалар доирасида навбатдаги мақолада «Bugun.uz» колумнисти Жаҳонгир Остонов православларнинг Марказий Осиёга кириб келиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Wikipedia»

Туркистоннинг илк даврдаги православ черкови эътиқодлиларининг сонини аниқлаш мушкул. Чунки ҳудудда илк бора аҳолини рўйхатга олиш ишлари 1897 йилдагина амалга оширилгани буни асослайди.

Тадқиқотчи Сыряпкина православ черковининг мазкур ҳудудда вужудга келиш ва ривожланиш тарихи 3 (уч) босқичга бўлинишини таъкидлаб ўтади, жумладан:

  • Чор Россияси ҳукмронлиги даври;
  • Совет ҳокимияти даври;
  • Мустақиллик даври;[2]

Биринчи босқич. Туркистон ўлкасида православ черковлари ХИХ асрнинг 40 йилларидан фаолият кўрсата бошлаган. Минтақага рус армияси билан бирга полк руҳонийлари ҳам кириб келган. Ҳарбийлар ва ўлка бошқарув идоралари ходимлари билан бир қаторда Россиянинг марказий минтақаларидан камбағал, ерсиз чорикорлар кўчириб келиниши ҳисобига ўлкамиздаги православ христианларининг сони ортиб борди.

Ана шу жараёнларнинг таъсири натижасида Ўрта Осиёда муқим православ черковлари ҳам қурила бошлади. Уларнинг биринчиси 1847 йил Сирдарё вилоятидаги Раим истеҳкомида қурилди. Шундан сўнг Тошкент (1865), Жиззах (1866), Авлиё ота (1866), Жулек ва Мерке (1866), Туркистон (1866), Ўратепа (1867), Чиноз (1868), Чимкент (1868) православ жамоалари ташкил қилиниб, уларда доимий ҳарбий руҳонийлар фаолият олиб борди. Сўнгра Зарафшон округига қарашли Самарқанд ва Каттақўрғонда ҳам жамоалар шаклланди.[3] 1871 йилда Россия императорининг фармонига биноан Рус православ черковининг Тошкент ва Туркистон епархияси ташкил этилган. Унинг маркази этиб Верний (ҳозирги Олмаота) шаҳри танланган. 1916 йилнинг охирларига келиб епархия маркази Тошкентга кўчирилган[4]. Черковлар сони Ўзбекистонда нисбатан кўп эканлиги эътиборга молик саналади. Бу ХIХ асрнинг иккинчи ярми — ХХ аср бошларида Россия империясининг жанубий чеккалари, яъни Туркистоннинг ривожланиши билан боғлиқ.

Бу хронологик даврда давлат Туркистон генерал ҳукуматида православ динининг тарқалишини қўллаб-қувватлади. Православлик кўчиб келган аҳолининг маънавий ва ахлоқий эҳтиёжларини таъминлади. Россия православ деҳқонларини Туркистонга кўчиришни мақсадли равишда рағбатлантирди. Шу мақсадга мувофиқ, Туркистон маъмурияти ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида православ аҳолининг диний эҳтиёжларини қондиришга тўлиқ ҳисса қўшишга интилди. Барча янги келган православлар автоматик равишда рус православ черковининг ғамхўрлигига топширилди. 1871 йилда Туркистон ва Тошкент епархияси тузилди. Ибодат уйлари дастлаб аҳоли пунктларида ташкил этилган, иқтисодий вазият яхшиланганлиги сабабли, жамоат черков қурилиши учун пул олган. Баъзан ибодатхона қўшни қишлоқлардан келганларни ҳам қабул қилган. Туркистон шаҳарларида секин-асталик билан йирик соборлар пайдо бўлди. Давлат православликни қўллаб-қувватлаган, чунки Туркистон босиб олингандан то Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилгунга қадар православлик руслар учун уларни минтақанинг туб аҳолисидан ажратиб турувчи муҳим идентификация мезони бўлган.

Империя томонидан эгалланган ҳудудда православликни ёйишдан асосий мақсад кўчириб келтирилган рус аҳолисини йиғиб, уларни хурофот ва иллатлардан ҳимоя қиладиган ва ёш авлод учун маълумот манбаи сифатида қўллашдан иборат бўлган. Кўчириш бошқармаси қошидаги махсус топшириқлар бўйича масъул ходим Н.Гавриловнинг вилоятда черковлар қурилиши тўғрисидаги маърузасида диннинг ўлкада тарқалиши империянинг чексизлик сари интилишини ифодаловчи восита сифатида талқин этилади. Тадқиқотчи Атажанова томонидан олиб борилган тадқиқотда кўчирилган аҳоли орасида миссионерлар мавжуд эканлиги қайд этилган.[5]

Фото: «Yuz.uz»

Бу даврда асосий рус-православ черковлари очилган ҳудудлар сифатида Тошкент ва Фарғона водийсини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин. Кейинчалик эгалланган ҳудудлар сонининг ўсиб бориши натижасида Самарқанд ва Бухоро сингари йирик шаҳарларда ҳам эътиқод қилувчи жамоалар ва черковлар очилди.

Иккинчи босқич Совет давлати давридаги православлик. Мазкур давлат вужудга келиши билан ғоявий доҳийлар К.Маркс ва Ф.Энгельслар томонидан динга бўлган муносабат эталон сифатида татбиқ этилиб, 1920–1930 йилларда атеизмни ўзининг шиорларидан бири деб эълон қилган Совет давлати шароитида православ руҳонийлари янги қийинчиликларга дуч келишди. 1939 йил кузига қадар СССР сиёсий раҳбарияти НКВДнинг фаол ёрдами билан православ черковини бутунлай йўқ қилиш вазифасини ўз олдига мақсад сифатида қўйди. 1939 йилга келиб руҳонийларнинг аксарияти ва епископларнинг катта қисми жисмонан йўқ қилинган ёки қамоқда эди. Бунинг асосий сабаби қизил инқилоб даврида черковнинг эгаллаган позициясида эди, яъни черков фуқаролар уруши даврида қизил армияга қарши кучларни қўллаб-қувватлади (контреволюцияни қўллади).

Черковга нисбатан юритилган сиёсат 1943 йилга келибгина юмшаганлигини кўришимиз мумкин. Черков ва унинг хизматчилари орасида реновацион ажралиш, черковлар, соборларни эса вайрон қилиш ва православлар сонининг қисқариши бу даврга хос хусусиятлари ҳисобланади. Буларнинг барчаси православ эътиқодидаги одамлар сонини сезиларли даражада камайтирди, якшанба ва бошқа православ байрамлари эътиқодлилар учун муқаддаслик тимсоли сифатидаги маъносини камайтирди. Инқилобдан олдинги даврда йирик православ соборлари бўлган шаҳарларда совет раҳбарияти черковлар очилишига қисман рухсат берган. Масалан, 1946 йилда Фарғонада Польша черкови биносида православ ибодатхонаси очилган. Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудларда саноатлашув жараёни натижасида пайдо бўлган совет шаҳарларида эътиқодий тушунчалар жуда суст тарқалган ва қисман черковлар мавжуд бўлмаган. Бу эса ўз навбатида совет идеологияси руҳида тарбияланган жамиятнинг диндан анча узоқлашганлигини яна бир бор исботлайди.

Учинчи босқич. СССР парчаланиши натижасида иттифоқ таркибидаги республикалар миллий руҳдаги алоҳида давлат қура бошлади. Айнан мазкур даврда черков ва унинг фаолиятини ташкил этишда силжиш рўй берганлигини кўришимиз мумкин. Бунинг асосий сабаби, мустақил давлатлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасида диний эркинлик масаласи конституциявий асосга эга бўлганлиги (18,31–моддалар) билан изоҳланади.

Давлат атеизм сиёсатини рад этиши ортидан турли диний ташкилотлар, шу жумладан, Рус православ черкови (Москва Патриархияси) жамоаларининг кескин кўпайишига ва шунга мос равишда илгари ёпилган черковларнинг оммавий очилишига, янгиларининг пайдо бўлишига олиб келди. Ўзбекистонда йирик аҳоли пунктларининг энг мос иншоотларини ибодатхоналарга мослаштириш амалиёти фаол жорий этила бошланди. Мустақиллик йилларида диний соҳадаги ижобий сиёсат олиб борилишига қарамасдан православ черковлари сони асосан шаҳарларда очилди, қишлоқ ва чекка ҳудудларда янги черковлар вужудга келмади.[6]

Бу иқтисодий жиҳатдан қудратлироқ саналган Россия Федерациясининг олиб борган янги демографик сиёсати натижасида Иттифоқ республикаларида яшовчи этник русларнинг ортга қайтиши билан изоҳланади. Жумладан, сўнгги аҳолини рўйхатга олиш олиб борилган 1989 йилда этник руслар (бошқа славян халқлари, греклар билан биргаликда) умумий аҳоли сонига нисбатан тахминан 5,5 фоиздан кўп қисмини ташкил этган, мазкур фоиз кўрсаткичи 2013 йилга келиб тахминан 3 фоиз атрофида бўлган.[7]

Фото: «Islomkarimov.uz»

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган черковлар сони 38 тани ташкил этади (1991 йилдан мазкур сон 34 тани ташкил этган, бу ҳам совет даврида олиб борилган сиёсат мустақиллик даврида олиб борилмаганлиги исботи саналади, зеро, аҳоли сонига нисбатан рус ва ўзга славян халқлари улуши камайган бўлишига қарамасдан черковлар сони прогрессив кўринишга эга), шу билан бирга, диний хизматчиларни етиштириб берувчи 1 та рус-православ семинарияси фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Респубиликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси конфессиялар ишлари кенгаши таркибига мазкур жамоа етакчиси вакил сифатида киритилган.[8]

Православ черковларининг асосий қисми бадиий-тарихий қийматга эга бўлганлиги сабабли кўчмас мулкнинг моддий-маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган. «Русский Мир» фонди томонидан 2017 йилда олиб борилган социологик тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, рус-православ черкови ва унга эътиқод қилувчиларнинг Ўзбекистонда диний эътиқод қилишида монелик йўқлигини икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамлиги (71 фоиз респондент буни тасдиқлаган) билан изоҳлаш мумкин.

Фойдаланилган манбалар:

[1] Сиряпкина Ю.Н. Православная церков в Узбекистане во второй половине ХIХ – начале ХХИ века под влиянием политики центральной власти // Вестник Кемеровского государственного университета 2015 № 4 (64) Т. 1. С. 42.

[2] Ўша асар.: -Б. 42.

[3] Ибрагимов Э.Ф. Ўзбекистонда христиан конфессиялари фаолияти ва уларнинг диний бағрикенглик анъаналари шаклланишида тутган ўрни 24.00.01 — Диншунослик тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация автореферати. Тошкент – 2010. –Б. 15.

[4] Ўша ас.: — Б.16.

[5] Атаджанова С. Э. Миссионерская деятельность Русской православной церкви в конце ХIХ – начале ХХ веков в Средней Азии // Бюллетень науки и практики. 2020. Т. 6. №3. С. 550-554.

[6] Стаценко С. Специфика современного конфессионального состояния православной диаспоры в Средней Азии // Вторие востоковедческие чтения памяти Н. П. Остроумова. Ташкент, 2010. С. 301 – 328.

[7] Этнический атлас Узбекистана. Институт «Откритое общество», 2002.

[8] https://lex.uz/docs/3685963?ONDATE=18.04.2018%2000