Финляндия разведкаси Россиянинг Украинага қачон бостириб киришини аниқлади

Финляндия мудофаа кучлари қўмондони генерал Тимо Кивинен яқин ойларда Россия Украинага бостириб кириши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Yle» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Финляндия разведкаси маълумотларига кўра, Россия айни пайтда 100 мингга яқин аскарини Украина билан чегарада тўплаган бўлиб, рус армиясининг бостириб кириши 2022 январь ойида бошланиши мумкин. «Ҳозир Россия–Украина чегарасида қўшинларнинг фавқулодда концентрацияси мавжуд», — дейди Кивинен.

«Associated Press» агентлиги ҳам Жо Байден маъмуриятидаги манбасига таяниб, Америка разведка хизматлари маълумотларига кўра, Россия 2022 йил январида Украинага бостириб киришни режалаштираётгани ҳақида ёзган.

Ўз навбатида, Москва бундай айбловларни қатъиян рад этган. Россия президенти Владимир Путин Москванинг Украина билан уруш бошлаш нияти ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, бундай маълумот 2021 йил бошида ҳам тарқалганини, аммо бундай бўлмаганини айтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Америка оммавий ахборот воситаларининг Россия Украина билан чегарага қўшинларини жойлаштираётгани ҳақидаги хабарларни сохта деб атаган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, ўз навбатида, Россия Украинадаги қарама-қаршиликни давом эттирса, жиддий оқибатлар келиб чиқиши билан огоҳлантирган.

Аввалроқ  Украина қандай қуроллар ёрдамида Россияни тўхтата олиши айтилганди. Шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириш харитаси намойиш қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз