Коронавируснинг «омикрон» штами биринчи аниқланган Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса коронавирусга чалинди. Бу ҳақда президент девонининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, 69 ёшли Рамафоса Кейптаундаги тадбирда қатнашганидан кейин ўзини ёмон ҳис қила бошлаган.

«Президент коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин даволанмоқда. Ҳозирда у яхши кайфиятда ва Жанубий Африка мудофаа кучлари ҳарбий тиббий хизмати мутахассислари назоратида», дейилади хабарда.

Матбуот хизматининг аниқлик киритишича, президент коронавирусга қарши эмлашнинг тўлиқ курсини якунлаган бўлиб, касаллик айни пайтда енгил ўтмоқда. Давлат раҳбари ўз ваколатларини вице-президент Дэвид Мабузага топширган.

Маълумот ўрнида, 2021 йил ноябрь ойи охирида Жанубий Африка ва Ботсванада «омикрон» штами билан касалланишнинг илк ҳолатлари аниқланган. Жанубий Африкадаги Инновациялар ва эпидемияга қарши кураш маркази директори Тулио де Оливейранинг таъкидлашича, ноябрь ойининг охирига келиб, Жанубий Африканинг Гаутенг провинциясида, жумладан, Йоханнесбургда қайд этилган коронавирус билан боғлиқ янги ҳолатларнинг қарийб 90 фоизи янги штамм туфайли юзага келган.

Аввалроқ Покистон президенти вакцина билан эмланганидан сўнг коронавирусга чалингани хабар қилинганди. Шунингдек, коронавирус борлигига ишонмаган Танзания президенти вафот этгани маълум қилинган ҳамда коронавирусга қарши эмланган дунё мамлакатлари раҳбарлари ҳақида хабар берилганди.