«Ўзгидромет» хизмати ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда ёмғир қорга айланиши ва тоғли ҳудудларда кучли бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилояти ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги 15–20 метр/секундгача кучайиши мумкин. Кундуз кунги ҳаво ҳарорати 7–9 даража илиқ, шимолда 2 даража совуқ–3 даража илиқ атрофида бўлади.

Шунингдек, 14 декабрда циклон таъсири сақланиб туради. Бухоро, Навоий вилоятларида кечаси ва эрталаб, республиканинг қолган ҳудудларида кун давомида ёмғир ёғиб, қорга айланади.

Республиканинг шимолида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 1–3 даража совуқ, кундузи 3–5 даража илиқ бўлади. Қолаверса, мамлакат шимолида ҳарорат 7–12 даража совуқ, ўртача кўп йиллик қийматлардан 4–6 даражага паст бўлиши айтилган.

Таъкидланишича, 15 декабрда республика бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда. Фақат Фарғона водийси ҳудудида бироз қор ёғиши мумкин. Антициклоннинг совуқ периферияси таъсири ҳисобига кечаси ҳаво ҳарорати 4–6 даража совуққача пасаяди, кундузи 3–5 даража илиқ бўлади.

Шу билан бирга, 16–17 декабрь кунларида антициклон таъсири аста-секин заифлашади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечалари 0–3 даража совуқни ташкил этади, кундуз кунлари 7–10 даража илиққача кўтарилади.