Қашқадарё вилояти Нишон туманида 11 декабрь куни «Жигули» билан тўқнашган йўловчи автобуси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Кадр: Telegram / @kashuvd

Маълум бўлишича, воқеа соат 12:10 атрофида Қарши–Амударё автомобиль йўлининг 31-километрида содир бўлган. Аниқланишича, «Жигули» ҳайдовчиси ҳаракат давомида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги йўловчи автобусига урилган.

Таъкидланишича, воқеа юз берганда автобус салонида 19 киши бўлган. Мазкур ҳодиса оқибатида енгил машина ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган ва 2 йўловчи шифохонага ётқизилган.

Аввалроқ Тошкентда автобус йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда автобус «Lacetti» ва «Matiz» билан тўқнашгани маълум қилинган.