Россия Марказий ҳарбий округи 2022 йилда Марказий Осиё давлатлари билан қўшма ҳарбий машғулотлар сонини оширади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ қўмондони Александр Лапинга таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, ҳарбий машғулотлар сонининг ошиши Марказий Осиё минтақасига нисбатан ҳарбий таҳдидларнинг кучаяётгани билан боғлиқ.

«2022 йилда коалиция ва бирлашган кучлар гуруҳларининг малака ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида қўшма ўқув тадбирлари сонини кўпайтирамиз», — деган Марказий ҳарбий округ раҳбари. Унинг таъкидлашича, ҳарбий машғулотларнинг энг муҳими КХШТ тинчликпарвар кучлари билан ўтказиладиган «Бузилмас биродарлик – 2022» қўшма машғулотлари бўлади.

Маълум қилинишича, Марказий Осиё минтақасига бўлаётган таҳдидларга жавобан Марказий ҳарбий округи 2021 йилда 50 га яқин халқаро машғулотлар ўтказган. Ўнта иттифоқчи давлат қуролли кучлари бўлинмалари иштирокидаги асосий машғулотлар (11 та тадбир) Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларида ўтказилган.

Аввалроқ Россия Тожикистонда яна 40 га яқин ҳарбий машғулот ўтказиши маълум қилинганди. Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Тожикистондаги «201-ҳарбий база» ва Қирғизистондаги «Кант» авиабазаларига янги алоқа тизимларини жойлаштириш бўйича қарор қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.