Россияда 12 декабрь куни «Chevrolet» автомобилларини олиб кетаётган автотрейлерда ёнғин чиқди. «UzAuto Motors» АЖ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин Россия автомобиль ташувчисига тегишли автотрейлернинг салонида содир бўлган, шундан сўнг аланга автомобиллар бўлган трейлерга ўтган. Ёнғин оқибатида 8 та автомобилдан 3 таси зарар кўрган. Ҳодиса оқибатида автотрейлер ҳайдовчиси жабрланмаган.

Воқеа Москва вилояти ҳудудида автомобилларни мижозга олиб ўтиш вақтида содир бўлган. Барча ташилган автомобиллар суғурталанган бўлиб, улар россиялик мижозга тегишли бўлган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ҳозирда зарурий ёнғин-техник экспертизаси ўтказилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Аввалроқ «UzAuto Motors»нинг импорт товарлари учун божхона тўлови солиқ йиғимидан икки баравар ортиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «UzAuto Motors» автомобиль етказиб беришни 2 ойга узайтирган.