«Толибон» ҳаракати 4 ойлик ҳокимият бошқарувида хатога йўл қўйганини маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Фото: «The Khaleej Times»

Келтирилишича, «Толибон» сайлаган Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бу ҳақда маълумот берган. У ҳаракат ҳар куни тажриба орттираётгани ва ислоҳотлар устида ишлашда давом этаётганини айтган.

Шунингдек, вазир санкциялар, ҳукуматнинг заифлиги ва беқарорлик ҳеч кимга фойда олиб келмаслигини айтган. Вақт ўтиши билан АҚШ «Толибон» Афғонистонни ривожлантирганини кўриб, унга нисбатан сиёсатини ўзгартиришини қайд этган: «Буюк Америка халқи сабр ва катта юракка эга бўлиши керак», — деган у.

Ҳаракат расмийсининг сўзларига кўра, 34 та вилоятдан 10 тасида мактабларга ўқувчилар қабул қилинмоқда, барча хусусий олий ўқув юртлари ва мактаблар тўсиқсиз фаолият юритмоқда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча аёллар ишга қайтган. У афғонистонликлар Ғарбга «Толибон»дан қўрқиб эмас, балки қашшоқликдан яхшироқ ҳаёт излаб қочиб кетганини айтган.

Муттақий «Толибон» террорчиларни йўқ қилиш ҳақидаги ваъдаларини бажаргани, бунинг аксини тасдиқловчи далиллар йўқлигини қайд этган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати аъзолари ўртасида яна келишмовчилик юзага келганди. Шунингдек, ҳаракат аҳолига яна бир тақиқ қўйганди.