Тошкентда икки аёл профилактика инспекторини сўкиб, вентилятор улоқтиргани ҳақида хабар берилган эди. Чилонзор тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, инспекторларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, ҳақиқатан ҳам фуқаролар Х.Ш. ва Н.С. 9 август куни соат тахминан 02:15 ларда ўзлари истиқомат қиладиган манзилга кираётганида Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари уларни тўхтатиб, асоссиз айблаб, хақоратлаб, мажбурлаб 3-сонли ИИБ таянч пунктига олиб борган. Таянч пунктида ходимлар уларнинг шаъни ва қадр-қимматини тахқирлаб, қўлларига кишан солиб, уриб, тан жароҳатлари етказиб, бир неча соат ушлаб туриб, камерага қамаб қўйган. Уларга нисбатан асоссиз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритиб, тўпланган ҳужжатларни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига юборган. Шундан сўнг аризаларга асосан туман ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан 27 сентябрда жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан 2021 йил 20 октябрда ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, профилактика инспекторлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 7 декабрь куни инспекторлар Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 2-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур иш бўйича суд қарори чиқарилгандан сўнг яна қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Аввалроқ Самарқандда эҳтиётсизлик сабаб одам ўлдирган икки ЙПХ ходими қамалгани ҳақида хабар берилганди.