АҚШнинг Иллинойс университети олимлари сўнгги йилларда тез-тез учраган тундра ёнғинлари Арктикадаги абадий музликларнинг йўқ қилинишини тезлаштирганини аниқлади. Бу ҳақда «Science Daily» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Маълум қилинишича, тадқиқотчилар термокарстларнинг (ер юзасида чуқурлик ва ер остида бўшликлар пайдо бўлиши) ҳосил бўлиш тезлигини ҳисоблаш учун Арктика Аляскасининг сўнгги ўн йилликдаги сунъий йўлдош ва ҳаво тасвирини таҳлил қилган.

Таъкидланишича, термокарстлар ерости музларининг эриши натижасида тупроқ ва ернинг чўкишида содир бўлади. Мутахассислар тадқиқотида иқлим ўзгариши, тундра ёнғинлари ва ландшафт хусусиятининг ушбу жараёнга нисбий ҳиссасини баҳолаган. Натижада, 1950 йиллардан бери Арктика Аляскасида термокарстлар жараёни 60 фоизга ошгани маълум бўлган.

Оловли тундра (кўп йиллик ўт ҳамда буталар ўсадиган ерлар) таъсирида термокарстлар 30 баробар кўпайгани қайд этилган. Шунингдек, ёнғинлар Арктика ландшафтининг атиги 3 фоизини қамраб олса-да, улар термокарстларнинг 10,5 фоизини ташкил қилиши маълум бўлган.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, иқлим ўзгариши ва ўрмон ёнғинлари глобал исиш оқибатида термокарст жараёнини тезлаштиради.

Аввалроқ NASA барча музлар эриши оқибатида Ерда қандай ҳолат юзага келишини кўрсатганди. Шунингдек, Жанубий қутбда совуқ ҳарорат бўйича антирекорд қайд этилганди.