Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 декабрь кунги ялпи мажлисида «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров мажлис муҳокама қилинадиган майдон эмаслигини таъкидлади.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Депутат Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевдан кейин сўз олиб, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси аввал фракцияларда кўздан кечирилганини айтган. Шу сабабли берилган саволларни ялпи мажлисда ҳам қайтармасликни таклиф қилган.

«Муҳтарам, спикер, биз ушбу қонунни фракциямизда кам эмас 3 ҳафта муҳокама қилдик. Ҳар бир берилган саволларга жавобни ҳозир иккинчи марта эшитяпмиз. Фракция йиғилишида қўмита масъуллари, Шерзод Кудбиевнинг ўзи ҳам Zoom’да уланиб, саволларга жавоб берди. Биз шунда ҳам семинар ташкил қилишни сўрадик, ташкиллаштириб беришди.

Бир нарса бўляптики, биз бу ерда муҳокама қилиш учун эмас, муносабат билдириш учун йиғилганмиз. Муҳокаманинг асл майдони моҳиятан фракция бўлади. Фракцияда 50 га яқин савол бердик, айнан шу модда бўйича ва барча саволларимизга жавоб олдик.

Ҳурматли депутатлар, вақтимизни ҳурмат қилайлик. Битта моддани агар соатлаб муҳокама қиладиган бўлсак, бу ялпи мажлисда минглаб моддаларни муҳокама қиламиз яқинда», — дейди Алишер Қодиров.

Маълумот учун, палата ялпи мажлиси давомида депутат Дониёр Ғаниев солиқ қўмитаси масъулларига савол берган. Унда мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилаётганига қарамай, минимум белгиланаётгани туфайли мол-мулк солиғи юки кичик бизнесга қайтага ошаётганини таъкидлаган.

Мажлисда муҳокамаларга сабаб бўлган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.