Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон давлат бюджети харажатлари 2,2 триллион сўмга оширилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 декабрь кунги мажлисида (яъни йил тугашига 16 кун қолганида) 2021 йилги Давлат бюджетига навбатдаги ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, давлат бюджети харажатлари 2,2 триллион сўмга оширилмоқда. Қатор соҳаларга йирик миқдорда маблағ ажратилган, хусусан, фермер ва кластерларга 2021 йил ҳосилидан давлатга сотган ғалласи учун субсидия — 800 миллиард сўм йўналтирилди.

Шунингдек, фуқаролар ташаббусини амалга ошириш (117 миллиард сўм), Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ижтимоий инфратузилмани яхшилаш (500 миллиард сўм. гапда «янада» сўзи қўшилмаганига ҳайрон бўлманг) учун давлат бюджетини оширишга тўғри келган.

Яхши хабарлар қисқа бўлади, давомийлиги ҳам, ўзи ҳам. Ўзбекистонда апрелдан буён ковидга чалиниш бўйича энг паст кўрсаткич қайд этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 13 декабрь куни 136 кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, зарарланганларнинг умумий сони 196 минг 94 нафарга етди. Бу кунлик касалланиш даражасидаги апрель ойидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Қўйлиқ масаласини унутинг: бозор кўчирилмайди. Бу бўйича ҳеч кимдан ҳеч қандай топшириқ келмаган.

Қўйлиқ деҳқон бозорининг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодир Нормирзаев бозорнинг FoodCity’га кўчирилишига оид хабарларга аниқлик киритди. У бозорни бузиш ё кўчириш бўйича ҳокимлик ёки бирор юқори ташкилотдан топшириқ келмаганини айтди.

Фото: «Bugun.uz»

Нормирзаевнинг сўзларига кўра, кўприк масаласи ҳали лойиҳа ва у қурилган тақдирда ҳам бозорга халақит қилмайди. Янги ишланган кўприк лойиҳаси ўз номи билан ҳали лойиҳа бўлиб, унинг қурилиши маълум бир йилгача деб тасдиқланмаган. Қурилган тақдирда ҳам бозорга халақит бермайди, у билан масофаси анча узоқ. «Тошкент вилоятидаги янги бозорга кўчиш ҳақида ҳали бизга шаҳар ҳокимлиги ёки бозор маркази томонидан ҳеч қандай хабар берилмаган», — дейди бозорнинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари.

Шунингдек, сотувчилар бозор маъмурияти томонидан 1 январдан ўз жойини бўшатиб қўйиши тўғрисидаги огоҳлантириш хатига имзо қўйдириб олинаётгани ҳақида маълум қилган. Қодир Нормирзаев эса бундай ишлардан хабари йўқлигини, бу «паттачи»лар томонидан амалга оширилгани, бунга изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

«Bugun.uz» эффекти: ХТВ буюртма берган салкам 4 миллиард сўмлик тендер бекор қилинди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

«Bugun.uz»да Халқ таълими вазирлиги салкам 4 миллиард сўмга Электрон таълим тизимини яратишга буюртма бергани, тендер ғолиби «Inova Solution» МЧЖнинг ягона рақиби бўлган «Tradein» МЧЖ билан бир манзилда жойлашгани ҳақида хабар берилганди. Мақоладан сўнг ишни ўрганган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тендерни бекор қилди.

Қорақалпоғистонда браконьерлар «Қизил китоб»га кирган кийик ва қуёнларни ўлдириб, ҳайвонот дунёсига 190 миллион 350 минг сўм миқдордаги моддий зарар етказди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида браконьерлар «Қизил китоб»га киритилган 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуённи ўлдириб, гўштини бўлаклади. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатди.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Экология соҳасидаги назорат инспекциясининг туманда хизмат олиб бораётган ходимлари 12 декабрь куни Қўнғироткўл овул фуқаролар йиғини атрофидаги чўл ҳудудида 14 та кийикни отиб ўлдириб, гўштини бўлаклаётган браконьерларни ушлаш чораларини кўрган.

Инспекторлар яқинлашаётганини кўрган қуролланган овчилар кийикларнинг гўшти, шунингдек, кийим-кечак, озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотлари ва ўқ-аслаҳаларини ташлаб, номаълум йўналишда давлат рақамисиз «УАЗ» русумли кулранг автомобилда қочиб кетган.

Маълум қилинишича, ноёб ҳайвонларни овлангани ҳолати юзасидан ўтказилган текширишда ҳайвонот дунёсига 190 миллион 350 минг сўм миқдордаги моддий зарар етказилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «э» ва «ж» бандлари (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов охирги пайтларда кўпайиб кетган ноёб ҳайвонларни овлаш ҳолат(лар)ига ўз карикатураси билан муносабат билдирди.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Қисқа хабарлар пунктларда:

  • Денов тумани ҳокими 16 декабрь куни туман аҳолисига мурожаат қилади. Лекин унда бугунги куннинг энг актуал мавзусига айланган савдо мажмуаси портлаши ҳақида сўз бормайди. Бу воқеа юзасидан ҳатто Президент ҳам муносабат билдирди;
  • Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридан Тошкентга биринчи парвоз амалга оширилди;
    Ўзбекистонда эркин иқтисодий зона иштирокчилари учун божхона тўловларидан озод қилиш имтиёзи бекор қилиниши 2021 йилда божхона тўловларидан тушумларнинг кўпайишига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази. Аслида ҳам шундайми?

Хўш, оламда нима гап?

Путин ва Лукашенко деярли бир хил фикрда: Беларусь президенти янги «Совет Иттифоқи» яратилишига ишора қилди.

Фото: «ТАСС»

Беларусь президенти Александр Лукашенко икки давлатнинг Россия билан янги иттифоқи Европа Иттифоқининг барча хатоларини инобатга олиши, шунингдек, Совет Иттифоқининг ижобий томонларни қолдиришини айтди. Лукашенко буни Туркиянинг «ТRТ» телерадиокомпаниясига берган интервьюсида маълум қилган.

«Бу иттифоқ янада ривожланган ва барқарорроқ бўлади, биринчидан, биз Европа Иттифоқининг барча хатоларини уларни такрорламаслик учун ҳисобга оламиз, лекин ижобий тажрибадан фойдаланамиз. Иккинчидан, биз Совет Иттифоқидан бирлашган давлатни тарк этдик ва у ерда аллақачон кўп нарсани синаб кўрдик. Совет ўтмишидан нимани қолдиришни ва келажакда бизга нима фойда келтирмаслигини биламиз», — деган Беларусь раҳбари.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Путин СССРнинг парчаланишини фожиа ва «Россиянинг тарихий қулаши» деб атаганди.

«Бунинг оқибатида давлат ҳудудининг 40 фоизини, ишлаб чиқариш қувватини ва аҳолисини, шунингдек, минг йил давомида тўплаганларини йўқотди. Биз бутунлай бошқа давлатга айландик. Минг йил давомида тўпланган нарса эса катта даражада йўқолди», — дея қайд этган Путин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.