Денов тумани ҳокими Рустам Пардаев 16 декабрь куни туман аҳолисига мурожаат қилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Денов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, мурожаатни ўқиб эшиттириш Денов тадбиркорлик ва педагогика институти биносида соат 10:00 да бошланади. Унда 2021 йилда амалга оширилган ва эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳамда 2022 йил учун истиқболли режалар ҳақида сўз боради.

Шунингдек, журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

«Bugun.uz» ҳоким мурожаатномасида Деновдаги «Indenim» савдо марказининг портлашига оид масала ҳам ўрин олиши ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида ахборот хизмати билан боғланди. Туман ҳокимлиги матбуот котиби Феруза Тўраеванинг маълум қилишича, портлаш мавзуси мурожаатномага киритилмаган. Унда фақатгина 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилда қилинадиган режалар тўғрисида сўз боради.

«Портлаш сабабларини ўрганиш бўйича республика махсус комиссияси тузилган. Улар жойларда иш олиб бормоқда. Матбуот анжумани пайтида журналистлар ушбу масалада савол берса, ҳоким ҳам бу тўғрисида маълумот беради», — дейди Феруза Тўраева.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Денов туманидаги савдо мажмуасида 7 декабрь куни портлаш содир бўлиб, шундан сўнг воқеа юзасидан маълумот берилганди. Куннинг иккинчи ярмида эса портлашда ҳалок бўлганлар 2 нафарга етган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси эса портлаш юзасидан расмий видеобаёнот берган.

Вилоят ҳокум Тўра Боболов 8 декабрь куни ўтказган матбуот анжуманида портлаш талафотлари бўйича маълумот берилган. Унда масъуллар савдо маркази қисқа фурсат ичида бузиб ташланиши кутилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. 9 декабрь куни савдо марказини бузиш ишлари бошланиб, 10 декабрга келиб бино тўлиқ бузиб ташланган.