Германиянинг янги федерал ички ишлар вазири Нэнси Фезер Telegram’да нафрат билан боғлиқ ҳолатларга қарши курашишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Heise Medien» нашри хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, янги вазир мессенжердаги оммавий зўравонликка қаратилган чақирувларни тўхтатишни таъминлаш ниятида. «Интернетдаги ташвиқот, зўравонлик ва нафратга қарши қатъийроқ ҳаракат қилишимиз керак», — деган Фезер.

Маълумотларга кўра, Федерал адлия идораси Telegram’га қарши «Тармоқларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун икки марта судга мурожаат қилган. Аммо Telegram вакилларидан ҳолат юзасидан ҳеч қандай жавоб ёки изоҳ берилмаган.

Германия ИИВ раҳбарининг таъкидлашича, энди мессенжердаги хабарлар «Тармоқни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун»га кирмайди, чунки у индивидуал мулоқотга қаратилган. Бундан ташқари, Telegram’даги оммавий каналларга чексиз кўп одам обуна бўлиши мумкинлиги ҳам хавотир уйғотади.

Аввалроқ Telegram мессенжери «Apple» қурилмаси эгалари учун расмлардаги матнни ўқиш функциясини ишга тушириши хабар қилинганди.