Ҳокимликдан топшириқ келмаган: Қўйлиқ бозори кўчирилишига оид хабарларга аниқлик киритилди
Бозорнинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари бу ҳақда маълумот берди
Қўйлиқ деҳқон бозорининг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодир Нормирзаев бозорнинг FoodCity’га кўчирилишига оид хабарларга аниқлик киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қодир Нормирзаев бу хабар тарқалишига ҳеч қандай асос йўқлиги, бу хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки юқори ташкилотлардан бирор топшириқ келмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кўприк масаласи ҳали лойиҳа ва у қурилган тақдирда ҳам бозорга халақит қилмайди.
«Янги ишланган кўприк лойиҳаси ўз номи билан ҳали лойиҳа. Ушбу кўприк қурилиши маълум бир йилгача деб тасдиқланмаган. Қурилган тақдирда ҳам кўприк билан бозор оралиғида анча жой бор. У капалак шаклида, яъни думалоқ ҳолатда қурилиб, йўл туширилганда ҳам бозорга халақит қилмайди. Тошкент вилоятидаги янги бозорга кўчиш ҳақида ҳали бизга шаҳар ҳокимлиги ёки бозор маркази томонидан ҳеч қандай хабар берилмаган.
Бу бўйича огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган. Янги қурилган бозорга тўхталадиган бўлсак, бу бозор улгуржи савдога мўлжалланган бўлиб, у ерда катта-катта автомашиналар эркин, тўсиқсиз ҳаракатлана олади. Бу пойтахтга улгуржи кириб келаётган катта юк машиналарининг шаҳардан ташқарида ҳаракатланишини таъминлаб, шаҳар ичидаги тирбандликнинг олдини олишга мўлжалланган», — дейди директор ўринбосари.
Шунингдек, сотувчилар бозор маъмурияти томонидан 1 январдан ўз жойини бўшатиб қўйиши тўғрисидаги огоҳлантириш хатига имзо қўйдириб олинаётгани ҳақида маълум қилган. Қодир Нормирзаев эса бундай ишлардан хабари йўқлигини, бу «паттачи»лар томонидан амалга оширилгани, бунга изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик бозор Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган FoodCity савдо марказига кўчирилиши маълум бўлган.