Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш коррупция инсон ҳуқуқларини амалга оширишга, хусусан, гендер тенглигини ўрнатишга зарар етказишини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

Фото: «Getty Images»

Келтирилишича, Гутерриш  бу ҳақда коррупцияга қарши кураш бўйича БМТ конференцияси иштирокчиларига видеомурожаатида маълум қилган. У коррупция барча мамлакатларда кенг тарқалаётганини айтиб, бу глобал ижтимоий соҳага триллионлаб доллар зарар етказаётганини таъкидлаган.

«Коррупция жамиятда кенг тарқалиб, одамларнинг раҳбарлар ва муассасаларга бўлган ишончини сўндиради. У тенгсизликни кучайтиради. Кенг тарқалган очкўзлик барчамизга зарар етказади. Коррупцияга қарши курашиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократик масъулиятни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу инклюзив ва барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим қадамдир. Хавфсиз, янада фаровон ва адолатли келажак учун ҳаракат қилиш вақти келди!» — деган БМТ бош котиби.

Гутерриш, шунингдек, мамлакатларни пандемиядан зарар кўрган тармоқларни тиклаш учун ажратилган маблағларнинг сарфланишини диққат билан кузатишга чақирган.

Аввалроқ БМТ бош котиби космосга учган миллиардерларни танқид қилганди. Шунингдек, БМТ Ўзбекистоннинг афғонларни чиқариб юбормаслик ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берилган.