Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридан Тошкентга 14 декабрь, сешанба куни биринчи парвоз амалга оширилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Airlines inform»

Маълум қилинишича, мазкур йўналишда ҳафтасига 2 та мунтазам рейс амалга оширилади. «Bugun.uz» парвоз ҳақида маълумот олиш учун «Kam Air» авиакомпанияси билан боғланди. Бироқ компания бу ҳақда маълумот беришни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Ўзбекистон билан парвозларни тиклаши хабар берилганди. Авиакомпания вакили дастлаб йўловчи рейслари ҳафтасига икки марта — сешанба ва шанба кунлари амалга оширилишини маълум қилганди.

Қайд этилишича, 2021 йил ноябрь ойи охирида Афғонистоннинг «Baxtar» агентлиги «Kam Air» раҳбари Замари Камгар баёнотига таяниб, Кобул ва Тошкент ўртасидаги ҳаво қатнови декабрь бошида тикланиши мумкинлигини хабар қилган. Камгарнинг айтишича, аввал мавжуд бўлган ҳаво транзити муаммоси ҳал қилинган.