Россиялик иммунолог, тиббиёт фанлари номзоди Николай Крючков «омикрон» штами ҳимоя ниқобларининг самарадорлигини пасайтириши билан боғлиқ саволга жавоб берди. Бу ҳақда «Ura.ru» хабар берди.

Фото: «Nature»

Мутахассиснинг сўзларига кўра, «дельта» ва «омикрон» коронавирус штамлари ҳимоя ниқобининг самарадорлигини пасайтиради. Чунки ушбу штамларга чалинган беморлар организмида кўпроқ вирус заррасини ишлаб чиқарилади.

«Вақт бирлигида вируснинг тарқалиш тезлиги ‘дельтаʼ ва ‘омикрон’да кўпроқ. Бундай штамга чалинган беморлар акса уриш ва йўталишсиз ҳам катта миқдорда вирус зарраларини атрофга чиқаради. Ниқоб эса сув томчилари кўринишидаги вирус зарраларинигина ушлаб туради», — дейди Крючков.

Унинг таъкидлашича, коронавируснинг янги турлари туфайли шахсий ҳимоя воситалари ҳамда коронавирусга қарши вакциналар самарадорлигини йўқотмоқда.

Аввалроқ ЖССТ «омикрон» штамининг хавфлилик даражасини баҳолаганди. Шунингдек, дунёда «омикрон» штамидан биринчи ўлим қайд этилганди.