Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 декабрь кунги мажлисида 2021 йилги Давлат бюджетига навбатдаги ўзгартишлар киритилди.

Унга кўра, давлат бюджети харажатлари 2,2 триллион сўмга оширилмоқда, жумладан:

  • фуқаролар ташаббуси доирасида туман ва шаҳарларга қўшимча — 117 миллиард сўм;
  • фермер ва кластерларга 2021 йил ҳосилидан давлатга сотган ғалласи учун субсидия — 800 миллиард сўм;
  • Мўйноқ туманида 5 нафаргача аъзо бўлган ҳар бир оилага 5 миллион сўмдан бир марталик ёрдам учун ва Қорақалпоғистонда ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўлган 21 та маҳалла учун — 67 миллиард сўм;
  • Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси учун — республика бюджетидан 200 миллиард сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қувурларни арзон пайти сотиб олиш учун 327 миллиард сўм — жами 527 миллиард сўм;
  • ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларининг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан (300 миллиард сўм), Тошкент шаҳрига 200 миллиард сўм — жами 500 миллиард сўм;
  • давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиб қўйилган ер участкалари компенсациясига — 50 миллиард сўм.
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 триллион сўмга оширилмоқда. Жумладан:
  • Президент топшириғи билан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлиги учун — 1,1 триллион сўм.

Бундан олдинроқ 2021 йилги давлат бюджети 11,7 триллион сўмга ҳамда 13,1 триллион сўмга оширилган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил МТВ учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилгани очиқланганди.