Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев бошчилигидаги делегация 1-9 декабрь кунлари Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил қилиш бўйича хизмат сафарида бўлди. Бу ҳақда Ҳаж-Умра маркази ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, делегация дунё бўйлаб қўлланилаётган карантин чекловлари шароитида Умра сафарини ташкил қилиш бўйича подшоҳлик муассасалари билан музокаралар олиб борган. Тез орада коронавирус пандемияси бошланишидан аввал Умра сафари учун пул тўлаб, навбатда турганлар ва бошқа фуқаролар учун табаррук зиёратни амалга ошириш имкониятлари яратилади.

Карантин тартибларига мувофиқ меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларга риоя этиш унчалик катта бўлмаган миқдорда қўшимча маблағларни талаб этиши мумкин. Умра зиёратлари муддатлари, қўшимча тўлов миқдори, вакцинация тўғрисидаги маълумотлар тез орада маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита раислари 1 декабрь куни Саудия арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.