АОКАда 14 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева вазирлик 2021 йилнинг 10 ойида қанча миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаб берганини маълум қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, январь-октябрь ойларида ишсизлик нафақасини тўлаш учун 35 миллиард 661 миллион сўм ажратилган. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида субсидиялар учун 95 миллиард 501 миллион сўм, стипендия харажатлари учун 59 миллиард 900 миллион сўм, Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 192 миллиард 67 миллион сўм маблағ молиялаштирилган.

Вазирлик мутахассисининг қайд этишича, мамлакатдаги ишсизлик нафақасининг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда даромад манбалари яратилиши айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони маълум бўлганди.