АОКАда 14 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Саноат хавфсизлиги қўмитаси департамент бошлиғи ўринбосари Сардорбек Якубеков Ўзбекистондаги радиацион муҳит ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Москва24»

Мутахассиснинг таъкидлашича, мамлакат ҳудудида доимий равишда радиация даражаси мониторинги олиб борилади. Ҳозирда ҳеч қайси ҳудудда нормадан баланд радиация кузатилмаяпти.

Келтирилишича, ҳудудида уран қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ишлари бажарилгани учун Навоий вилоятида қолган ҳудудларга нисбатан бир мунча баландроқ радиация миқдори аниқланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда ҳаво ифлосланиши 7 фоизга камайгани айтилганди. Шунингдек, Зарафшон дарёсига хавфли моддалар оқизилгани сабаб балиқлар заҳарлангани бўйича жиноят иши қўзғатилганди.