Қорақалпоғистонда браконьерлар «Қизил китоб»га кирган кийик ва қуёнларни ўлдириб, гўштини бўлаклагани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуённинг овлангани ҳолати юзасидан ўтказилган текширишда ҳайвонот дунёсига 190 миллион 350 минг сўм миқдордаги моддий зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «е» ва «ж» бандлари (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, экология соҳасидаги назорат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида хизмат олиб бораётган ходимлари 12 декабрь куни Қўнғироткўл овул фуқаролар йиғини атрофидаги чўл ҳудудида 14 та кийикни отиб ўлдириб, гўштини бўлаклаётган браконьерларни ушлаш чораларини кўрган.

Инспекторлар яқинлашаётганини кўрган қуролланган овчилар кийикларнинг гўшти, шунингдек, кийим-кечак, озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотлари ва ўқ-аслаҳаларини ташлаб, номаълум йўналишда давлат рақамисиз «УАЗ» русумли кулранг автомобилда қочиб кетганди.

Аввалроқ Фарғонада ноқонуний овланган 100 килограмм балиқ болалар уйига топширилганди. Шунингдек, Қашқадарёда браконьерлар «Қизил китоб»га киритилган тоғ эчкисини отиб ўлдирган.