Россиянинг Москва вилоятида 13 ноябрь куни 4 нафар ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда ушбу фуқаролар жасади ватанга қайтарилмаётгани ҳақида мурожаат тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Фото: «ТАСС»

Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари, аммо жасадларни ватанга қайтариш учун қайси жасад қайси шахсга тегишли эканини аниқлаш талаб этилади.

Шунингдек, Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, белгиланган тартибга мувофиқ давлат ташкилоти томонидан ўтказиладиган ДНК текшируви натижаcи олингач, яъни ҳар бир жасаднинг шахси аниқлангандан кейин тергов қўмитаси рухсати билан жасадларни олиб чиқиб кетишнинг имкони бўлади.

«Шу ўринда, марҳумлар қариндошларидан чет давлат қонунлари, тартиб-қоидаларини эътиборга олишни ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан уларнинг айни пайтдаги ҳиссиётларидан фойдаланиб, оммани чалғитишга, маблағ йиғишга қаратилган чиқишлар қилмаслигини сўраймиз», дейилади агентлик хабарида.

Маълумот урчин, Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасида жойлашган қурувчиларнинг вақтинча турар жойида 13 ноябрь куни юз берган ёнғин оқибатида ушбу вақтинча турар жойда яшаб келган меҳнат мигрантлари орасида 2 киши жароҳат олган ва 4 киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, Миграция агентлиги ҳолат юзасидан 14 ноябрь куни ҳам расмий муносабат билдирганди. Унда ҳолат назоратга олингани ва ҳалок бўлганлар жасадини Ўзбекистонга қайтариш чораси кўрилаётгани қайд этилган.