Саудия Арабистони энергетика вазири Абдул Азиз бин Салмоннинг баёнотидан кейин нефть нархи тушиб кетди. Бу ҳақда мавжуд маълумотларга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Савдо маълумотларига кўра, 14 декабрь куни эрталаб Саудия Арабистони энергетика вазирининг қазиб олинадиган ёқилғига нисбатан инвестицияларнинг қисқартириши мумкинлиги ҳақидаги баёнотидан сўнг нефтнинг жаҳон бўйича нархи пасайган.

Тошкент вақти билан соат 09:50 ҳолатига кўра, Brent маркали нефтнинг февралдаги нархи 0,4 фоизга — баррелига 74,09 долларгача, WТI маркали нефтнинг январдаги нархи эса 0,79 фоизга тушиб, 70,73 долларни ташкил қилган. Қайд этилишича, Саудия Арабистони энергетика вазири қазиб олинадиган ёқилғига сармоянинг камайиши оқибатида глобал нефть қазиб олиш ўн йил охирига келиб 30 фоизга қисқариши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ Тожикистонда 50 та янги нефть ва газ кони топилгани маълум қилинганди. Шунингдек, дунё бўйича нефть нархи 8 декабрь куни эрталаб бир кун аввал ўртача 3,5 фоизга кўтарилганидан кейин арзонлашганди.