Янгиликлар - 18:02 · 14.12.2021

ССВ марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ишдан бўшатилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган. Унда тизимда ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилган. Кейинги пайтларда халқнинг тиббиёт соҳасидан норози экани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига жуда кўп шикоятлар келаётгани айтиб ўтилган. Шавкат Мирзиёев жойларда мутасаддилар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан мулоқотларда бу ҳақда қайта-қайта тўхталиб ўтаётгани таъкидланган.

2021 йилнинг ўтган 11 ойида вазирликка келиб тушган жами мурожаатлар сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисмини сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар ташкил этади. Аҳоли кўп ҳолларда жойларнинг ўзида ҳал бўлиши мумкин бўлган оддий масалалар учун ҳам Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратура ва бошқа масъул идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида бугунги замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлари вазифасидан озод этилди ва уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.

Вазирлик доирасида бошланган кадрларни янгилаш ислоҳоти келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, умуман, мамлакатимиздаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қамраб олиши кўзда тутилган. Мазкур жараёнда аҳолидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятлар асосий мезон бўлади. Йиғилишда ушбу масала атрофлича муҳокама этилиб, бунинг учун вазирлик қошида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўрганиш, уларга оқилона ечим топиш мақсадида алоҳида гуруҳ тузилгани қайд этилди.

Аввалроқ Президент халқ соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози эканини айтганди. Шавкат Мирзиёев сўз аввалида республикада эндокрин касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашга 25 йил давомида эътибор сусайиб кетгани ҳам адолатли ҳақиқат эканини таъкидлаб ўтган.