Суд Беларусдаги президентлик сайловларида иштирок этган ва мухолифат етакчисига айланган Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи, беларуслик блогер Сергей Тихановскийни 18 йиллик қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда «Belta» агентлиги хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, Тихановский устидан суд жараёни Гомелдаги тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган. У билан бирга яна беш киши судланган — Тихановскийнинг YouTube’даги «Страна для жизни» канали оператори Артём Саков ва лойиҳанинг ижтимоий тармоқлари бўйича модератори Дмитрий Попов (16 йилга қамалган), «MozgON» YouTube канали муаллифи Владимир Циганович ҳамда «Беларусь головного мозга» Telegram канали муаллифи Игорь Лосик (15 йилга қамалган), шунингдек, беларуслик мухолифат сиёсатчиси Микалай Статкевич (14 йилга қамалган).

«‘Страна для жизниʼ байроғи остида улар беларуслар олдида ғазабланган оломон ҳокимиятни қандай эгаллаши ҳақида спектакль қўйишга ҳаракат қилди. Терговнинг аниқлашича, бунинг учун психологик кураш усуллари, сохталаштириш, фаолларга пора бериш ва кўча урушига тайёрлаш қўлланилган», дейилади Беларус Тергов қўмитаси хабарида.

Сергей Тихановский, аслида, ким?

Сергей Тихановский 2019 йилда YouTube’да «Ҳаёт учун мамлакат» — «Страна для жизни» блогини очган. Унда у Беларусь ҳукуматини танқид қилган, кичик шаҳарчалар аҳолиси ва мухолифат фаоллари билан суҳбатларни эълон қилиб борган. Блог машҳурликка эришган ва 2020 йилда Тихановский Беларусдаги президентлик сайловларида қатнашиш ниятида эканини маълум қилган. Аммо унга рўйхатдан ўтишда рад жавоби берилган. Бунинг ўрнига унинг рафиқаси Светлана Тихановская президентликка номзод бўлган. Сергей эса рафиқасининг ташаббус гуруҳини бошқарган. 2020 йил май ойининг охирида имзо тўплаш учун ўтказилган пикет пайтида ҳибсга олинган.

Сайлов билан боғлиқ ҳолат

2020 йил август ойида Тихановская президентлик сайловларида қатнашиб, мухолифатнинг ягона номзодига айланган. Беларусь Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, у 80 фоиз овоз олган Александр Лукашенкодан кейин 10 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган. Тихановская бу натижани тан олмаган. Сайловдан бир неча кун ўтгач, у Беларусь ҳукумати босими остида Литвага жўнаб кетган. Ушбу воқеа фонида бир неча ой давомида Беларусда Лукашенкога қарши мисли кўрилмаган кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтган.

Фото: «EPA»

Тихановский оммавий тартибсизликлар ва жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган гуруҳ ҳаракатларида, «ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига қарши» ижтимоий нафрат уйғотишда, шунингдек, ўша пайтда МСК раиси бўлган Лидия Ермошинага таҳдид қилишда айбланган. Тергов маълумотларига кўра, сайловдан кейин норозиликларни қўзғатганлар айнан Тихановский ва унинг шериклари номини олган шахслар бўлган.

Тергов изоляторидаги суҳбат

Ушбу норозилик намойишлари пайтида, 2020 йил кузида Лукашенко Тихановский ва тергов изоляторидаги бошқа сиёсий маҳбуслар билан учрашиб, улар билан Конституцияга киритишни ваъда қилган ўзгартиришларни муҳокама қилишини айтган. Эртаси куни йиғилиш иштирокчиларидан икки нафари тергов изоляторидан озод қилинган. Аммо улар орасида Тихановский бўлмаган — унга тўрт ой ичида биринчи марта хотини билан телефонда гаплашишга рухсат берилган, холос. Кейинроқ Тихановскаянинг Telegram каналида парчалари эълон қилинган суҳбат давомида Сергей Светланани «кучлироқ бўлишга» чақирган.

Фото: «ТАСС»

Тихановская эрига ҳукм чиқарилишидан олдин, унинг фикрича, Сергей 15 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинишини айтган. «Аммо бу рақамлар масаласи эмас. 1, 5, 11, 20 — бу рақамлар беларусликлар учун ҳақиқий қамоқ йилларига айланмаслиги керак», — дея қўшимча қилган у.

Тихановская ҳукмга қандай муносабат билдирди?

«Унга тайинланган ҳукмни шарҳлар эканман, ўзимга фақат битта савол бераман: ‘Бу янгиликдан кейин нима қиламан?’ Мен севган ва миллионлаб беларусликларнинг етакчисига айланган одамни ҳимоя қилишда давом этаман. Уни янги Беларусда кўрадиган пайтимни яқинлаштириш учун жуда қийин, балки имконсиз ишни қилишга ҳаракат қиламан. Унга откриткалар ва фарзандларимиз расмларини жўнатишда давом этаман, шунда учрашганимизда унутилмас альбом яратамиз», — деган Тихановская.