Тожикистон Адлия вазирлиги биринчи марта мудофаа, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизлик кучлари ва судларга давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда «ASIA-Plus» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, бюджетдан қанча ажратилиши ҳақида Тожикистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган «Давлат бюджети учун–2022» қонуни матнида келтирилган. Унга кўра, 2022 йилда мудофаа, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизлик кучлари ва судларга 2,3 миллиард сомоний (205 миллион долларга яқин) ажратилиши белгиланган бўлиб, бу бюджет харажатларининг 6,8 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Қайд этилишича, «Давлат сири тўғрисида»ги қонун республика хавфсизлигини таъминловчи идораларга бюджетдан қанча ажратилишини эълон қилишни тақиқламаслигига қарамай, ўтган йиллардаги қонун матнида ушбу мақсадлар учун қанча ажратилиши кўрсатилмаган.

Аввалроқ Хитой Тожикистонда хавфсизлик ходимлари учун база қуриши маълум қилинганди. Шунингдек, Россия Тожикистонга янги алоқа тизимларини жойлаштириши ҳақида хабар берилганди.