«Толибон» ҳаракати афғон аёллари қандай либос кийиши кераклигини маълум қилди

«Толибон» ҳаракати афғон аёллари қандай либос кийиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда «Aamaj News» хабар берди.

Фото: «People.com»

Таъкидланишича, афғон аёллари киядиган либос ҳақида «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги раҳбари Шайх Муҳаммад Холид Ханафий Кобулда бўлиб ўтган оқсоқоллар йиғилишида очиқлаган.

Унинг сўзларига кўра, афғон аёллари юзи ва танаси тўлиқ ёпиладиган либос кийиши керак. «Ҳижоб аёллар бутунлай ёпилган бўлиши кераклигини англатади», — деган Ханафий йиғилишда.

Маълумот ўрнида, ҳаракат аъзолари ўртасида аёллар билан боғлиқ масалада келишмовчилик юзага келганди. Ҳаракатнинг маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳолат юзасидан маълумот берган.

Унинг сўзларига кўра, ҳаракат томонидан тузилган ҳукумат исломий меъёрлар асосида иш олиб боришни режалаштирган. Бироқ бир қатор масалалар, жумладан, аёллар ҳуқуқи бўйича ҳаракат аъзолари ўртасида зиддият мавжуд. «Ушбу муаммони илоҳиётшунослар ёрдамида ҳал қилиш режалаштирилган», — дейди Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида телевидение ва радиода аёл бошловчиларнинг чиқишини тақиқлаганди. Шунингдек, ҳаракат Ғазни вилоятида ҳам радиода аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз