Тошкент шаҳри Сергели туманида 14 декабрь куни йўловчи автобусида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 14 декабрь куни соат 15:21 да туманнинг Дўстлик-1 даҳасида 47-йўналиш бўйича ҳаракатланаётган «Mers» русумли автобусда ёнғин содир бўлгани тўғрисида туман ФВ бўлимига хабар келиб тушган. Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:25 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 15:34 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида автобуснинг орқа салон қисми ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 8 та автомобиль иштирокида ЙТҲ бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, пойтахтда устунга урилган «Spark» ёниб кетган.