Шавкат Мирзиёев Деновда бўлган портлаш ҳамманинг кўзини очиши кераклигини айтиб, бош вазирга бир ой муддатда хатлов ўтказиб, натижаси бўйича қарор қабул қилиш ҳақида топшириқ берди, деб ёзмоқда «Kun.uz».

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича видеоселектор чоғида давлат раҳбари Сурхондарёда содир бўлган ҳодисага тўхталган.

«Деновда бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши керак. Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Қурилиш, Саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шарт.

Ҳаммаси қонун билан ҳал қилинсин. Худо сақлади, қанча одам нобуд бўлиши мумкин эди. Агар бу кундузи бўлганда нима бўларди?» — деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ҳодиса юзасидан батафсил маълумот эълон қилиш бўйича топшириқ берган.

«Телевизор орқали ҳаммасини тушунтиринглар, Деновда шундай ҳолат бўлди, деб айтинглар. Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир. Шу икки одам ўлими бизга синов бўлди. Энди ҳар бир вилоят ҳокими шахсан ўзи бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни зиммасига олади. Энди бундай ҳодиса қайтарилмаслиги лозим, олдинда қиш, эҳтиёткорлик зарур», — деган Президент.

Йиғилиш давомида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳодиса газ сабабли келиб чиққанини маълум қилган.

«Газчилар эътиборсизлик қилиб, паст босимли трубалар орқали ўрта босимни улаб юборишган. Газ сизиб чиқиб, шундай ҳолат юзага келди. Ҳозир ҳодиса прокуратура томонидан жиддий ўрганиляпти», — деган ҳоким. Президент бунга йўл қўйган газ таъминоти ходимлари раҳбарлари билан бирга тергов ва суриштирувлар натижасига кўра жавобгарликка тортилишини таъкидлади ва бош вазирга бир ой муддатда хатлов ўтказиб, натижаси бўйича қарор қабул қилиш бўйича топшириқ берган.

Мавзуга доир:

Аввалроқ Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлиб, шундан сўнг воқеа юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Куннинг иккинчи ярмида эса портлашда ҳалок бўлганлар 2 нафарга етгани айтилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси эса портлаш юзасидан расмий видеобаёнот берган.