UNESCO’нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг (НММҲК) XVI сессияси 13 декабрь куни ташкилотнинг Париждаги қароргоҳида виртуал режимда ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар қилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу сессия доирасида «Бахшичилик санъати» элементини Инсоният номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилган. Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш учун тақдим этилган ушбу номинацияни қўллаб-қувватлаш юзасидан Баҳолаш комиссияси ва НММҲКъга аъзо мамлакатларга мурожаат йўллади.

Тадбирда UNESCO раҳбарияти, НММҲКъга аъзо давлатлар, 190 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали делегатлар иштирок этган. Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистоннинг UNESCO ҳузуридаги доимий вакили Умид Шадиев ва UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссия вакиллари қатнашган.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ялпи мажлисдаги иштирок давомида Ўзбекистон делегацияси сўнгги йилларда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, кўпайтириш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар тақдимоти ўтказилган.

«Минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси билан фахрланади. Бизда UNESCO’нинг Репрезентатив рўйхатига киритилган 9 та миллий ва кўп миллатли элемент мавжуд. Яқин кунларда ушбу рўйхатдан яна бир элемент – ‘Бахшилик санъати’ ҳам жой олишига умид билдирамиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

«Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2003 йилдаги Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция бажарилишини давом эттириш ва UNESCO’нинг ушбу йўналишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга содиқлик билдирилди.

‘Бахшилик санъати’ номинацияси бўйича овоз бериш жараёнининг ўзи 16 декабрь куни бўлиб ўтади, UNESCO’нинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг XVI сессияси эса 18 декабрга қадар давом этади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қуйи Амударё давлат биосфера резервати UNESCO бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилгани ҳақида хабар берилганди.