Бразилия федерал полицияси мамлакат президенти Жаир Болсонаруни Олий сайлов судига хакерлар ҳужуми юзасидан ошкор қилинган махфий тергов иши бўйича кўрсатма беришга чақирди. Бу ҳақда «Brazilian Report» хабар берди.

Фото: «The New York Post»

Полицияга кўра, Бразилия етакчиси август ойида жонли эфирда электрон овоз бериш машиналари ҳақида ёлғон хабар тарқатиш учун махфий маълумотларни ошкор қилган. Президентга қарши тергов Олий суд вазири Александр де Мораес томонидан илгари сурилган. Болсонарунинг кўрсатмалари терговнинг сўнгги босқичларидан бири бўлиши қайд этилган.

Таъкидланишича, бу Бразилия президентининг федерал полицияга иккинчи марта гувоҳлик бериши ҳисобланади. Жумладан, у полициянинг хатти-ҳаракатларига ноқонуний аралашганлик бўйича ҳам тергов қилинган.

Аввалроқ Бразилия президенти 600 минг одамни ўлдиришда айбланганди. Шунингдек, у эмланмагани учун АҚШдаги ресторанга ҳамда футбол ўйинига киритилмаганди.