Тошкентда 15 декабрь куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги фаолиятининг 25 йиллигини нишонлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Британия Кенгаши директори Денис Воддингем, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги елчиси Тим Торлот, Халқ таълими, Маданият, Олий ва ўрта таълим вазирликлари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: British Council

Қайд этилишича, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги фаолияти 1996 йил октабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати билан расмий икки томонлама шартнома имзоланиши билан бошланган. Британия Кенгашининг фаолиятини 3 йўналишга бўлиш мумкин: маданият ва санъат соҳаларини ҳамда ижодий иқтисодиётни ривожлантириш, шунингдек, таълим тизимини ислоҳ қилиш ва инглиз тилини ўқитиш соҳасидаги ишлар ва инглиз тили бўйича билимларни баҳолаш тизимига оид ишларни амалга ошириш.

Ташкилот томонидан сўнгги йилларда эришилган асосий ютуқлар қаторига қуйидагилар киради:

  • Тошкент шаҳрида 4000 дан ортиқ талаба таҳсил олаётган Халқаро Вестминстер университети филиалини очишга кўмаклашиш;
  • Инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича замонавий миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли жорий этиш. Дастур 18 та таълим муассасасида амалга оширилиб, йилига 4000 дан ортиқ бўлажак ўқитувчилар ундан ўтади.
  • 45 та давлат университетлари томонидан қўлланиладиган махсус мақсадли инглиз тили ўқув дастурини ишлаб чиқиш;
  • Лондон Метрополитен университети ҳамда Олий ва ўрта таълим вазирлиги билан ҳамкорликда яратилган «Сифат маданияти» дастурини жорий етиш.

Дастур 6 йил давомида ҳар йили 500 нафар академик раҳбарлар учун инновацион касбий ривожланиш йўлини таклиф этади.

Фото: British Council

«Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги дастурларида 25 йилдан ортиқ фаолиятида 700 дан ортиқ ташкилот иштирок этди, 115 мингдан ортиқ киши бевосита кўмак олди, Ўзбекистон ва Буюк Британияда жами қамров 27 миллиондан ортиқ кишини ташкил этди», — деди Британия Кенгаши директори Денис Воддингем.

«Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини ёритиш жуда таъсирли. 34 миллион аҳолиси бўлган мамлакат учун 27 миллион — бу ҳақиқатан ҳам ажойиб натижа, аммо бунинг ажабланарли жойи йўқ. Мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг у ёки бу тарзда таълим тизими билан алоқага чиққан, турли таълим муассасаларида таҳсил олган ҳар бир кишига Британия Кенгаши жамоаси олиб бораётган иш натижалари у ёки бу тарзда таъсир кўрсатди. Бу натижалар эса узоқ йиллар давомида сезилади», — деди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот.

Келтирилишича, ташкилот ҳозирда бир неча аҳамиятли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Улардан бири Британия Кенгаши Ўзбекистонда Британиянинг замонавий санъати ва маданиятини тарғиб қилишидир. 2017 йилда мамлакат тарихида илк бор ўқув дастури ва замонавий санъат кўргазмаси ташкил этилиб, унда 14 минг киши қатнашган, маърифий дастурлар ва оммавий ахборот воситалари орқали 4 миллиондан ортиқ киши иштирок этганди.

Фото: British Council

Театр санъатини ривожлантириш дастури 2016–2018 йилларда амалга оширилган бўлиб, унга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 75 нафар илмий ходим, 42 нафар театр мутахассиси ва 170 нафар театр ва университет талабаси киритилган. Маданият ва санъат институтида янги таълим дастурлари пайдо бўлиши, «Ўзбек Гамлети» спектаклининг яратилиши, Тошкент ва Лондон саҳналарида муваффақиятли қўйилиши дастур натижаси бўлди. Спектакль Халқаро театр симпозиумида тақдим этилган бўлиб, уни Ўзбекистон ва Буюк Британияда 2300 дан ортиқ томошабинлар томоша қилган.

Аввалроқ Британия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни баҳолаганди. Шунингдек, Ўзбекистон тадбиркорлари Британияда экспортда имтиёзларни қўлга киритишганди.