Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қўйлиқ бозори барибир кўчирилади, фақат «боқичма-босқич». Бектемир тумани ҳокими янги бозор ҳам туман ҳудудида бўлишини айтди.

Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда Қўйлиқ бозори FoodCity’га босқичма-босқич кўчирилишини маълум қилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Қўйлиқ бозори кўчириладиган Food City ҳам Бектемир тумани ҳудудида бўлади. Шунингдек, у ерда Ecobozor’да ҳам йўқ шароитлар яратилган.

«Осон ва тушуниш учун мен айтмоқчиман, FoodCity Бектемир ҳудудида жойлашган бўлади. Иккинчидан, у ерда шундай шароитлар яратилганки, бунақа шароит ўзимизнинг Ecobozor’да ҳам йўқ. Қўйлиқда асфальтда ўтириб сотгандан кўра, ўша ерга олиб бориб сотган маъқул. Кадастри борларга, албатта, барча зиён давлат томонидан қоплаб берилади. Босқичма-босқич ўтилади», — деди ҳоким.

Тапил Маҳамадзияев янги бозорда савдогарлардан 3 ойгача патент пули олинмаслигини маълум қилди. Бозор бу давр мобайнида ўзини ўзи қоплайди.

Ўзбекистонда 11 ойда 125 киши ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли вафот этди. Бунинг асосий сабаби — газ йўқлиги. Ҳа, табиий гази йўқлар ҳам ис газидан вафот этмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йил бошидан 15 декабрга қадар 125 киши ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли вафот этди, 115 киши жабрланди.

Фото: «Bugun.uz»

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ис газидан заҳарланиш, асосан, газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик сабаб юзага келмоқда. Аянчли, жуда аянчли. Айниқса, уйда газ бўлмасдан туриб ҳам газ туфайли ҳалок бўлиш аянчли.

Чироқчида ер чўғ бўлиб ёнмоқда. Бу ҳеч қандай «мўъжиза» эмас.

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Хўжа Абдужаббор қишлоғида ер чўғ бўлиб ёнаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бу ҳолат ер остидаги қолиб кетган қамишлар чириши натижасида қизиб ёнишни келтириб чиқаргани оқибатида содир бўлаётганини маълум қилди. Яъни бу ҳеч қандай «мўъжиза» ё «бало» эмас.

Ушбу ҳолат туман назорат иснпекцияси инспекторлари, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, «Ҳудудгаз» таъминот ходимлари томонидан ўрганилган. Ўрганиш жараёнида тахминан 0,10 гектар ер майдони аввал ёниб ўчгани ва ҳозирги кунда тахминан 0,01 гектар ер майдони устидан тутун чиқиб, атрофга бадбўй ҳид тарқалаётгани кузатилган. Дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, юқоридаги хулосага келинган. Ҳозирда ўрганишлар давом этмоқда, бу ҳақда яна батафсил маълумот берилади.

Тошкентда кечаси қарағай дарахтлари арралаб кетилди. Ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳрининг «Шаҳристон» метро бекати яқинида жойлашган қарағай дарахтлари номаълум кишилар томонидан тунги вақтда арралаб кетилди. Бунга ҳудудда яшовчи фуқаролар гувоҳ бўлган. Улар эндиликда бу ишни содир этганларни топиб, қонуний жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда.

«Bugun.uz» ҳолат юзидан Экоқўмита билан боғланди, қўмита мутасаддилари ҳозирда ҳолат ўрганилаётгани ҳақида маълум қилди.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистон орқали Мозори-Шарифга гуманитар ёрдам жўнатилди;
  • Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси ошаётгани маълум қилинди.

Хўш, оламда нима гап?

Россиянинг Ханти-Мансилар мухтор округида мигрантларга машина ҳайдаш ва бир қанча фаолият турлари тақиқланди.

Россиянинг Ханти-Мансилар мухтор округи губернатори Наталья Комарова патент асосида ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун бир қанча фаолият турларини тақиқлади.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, 2022 йилдан ҳудудда патент асосида ишлаётган хорижликлар такси, микроавтобус ҳайдовчиси бўла олмайди, уларнинг йўловчи ташиши тақиқланади. Бундан ташқари, мигрантлар энди болалар озиқасини ишлаб чиқариш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш, шунингдек, озиқ-овқат билан боғлиқ хизматлар ҳамда таълим соҳасида ҳам ишлай олмайди.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу тақиққа атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Дунё хабарлари пунктларда:

  • Жаҳон захира валютаси сифатида доллар ўрнини юань босиши маълум қилинди;
  • Фаолларнинг ўлдирилиши, болалар меҳнати ва одам савдоси. БМТ Афғонистондаги вазият борасида ҳисобот эълон қилди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.