Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Indenim» савдо мажмуасида содир бўлган портлаш сабаблари муҳокама қилинди. Мажлисда «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали директори М.Мансуров ҳолат бўйича изоҳ берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Изоҳда портлаш сабабларини ўрганиш мақсадида ҳодиса рўй берган жойга ҳукумат комиссияси ва унинг таркибида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раҳбариятининг беш кун давомида тегишли идоралар, ташкилотлар ва газ таъминоти соҳаси мутахассислари, махсус техника ва асбоб-ускуналарни жалб қилган ҳолда ўрганиш ўтказган. Текширувларда 2013 йилда қурилган «Indenim» савдо мажмуасининг остида туман ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури ўтказилгани аниқланган.

Унинг қўшимча қилишича, амалдаги қурилиш нормалари ва қоидаларига кўра, иншоотнинг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун савдо мажмуаси ўрта босимли газ қувурининг хавфсизлик зонасини ҳисобга олган ҳолда қурилиши керак эди. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ, ушбу муҳофаза зонаси бинонинг пойдеворидан 4 метр масофани ташкил этиши лозим бўлган.

«Indenim» савдо мажмуаси газ қувурининг айнан ўзида қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш учун кириш йўли бўлмаган. Ўтказилган текширувларда мажмуа остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса, ўз навбатида, газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлганини маълум қилган.

«Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали директори изоҳини тинглаган вилоят раҳбари вилоятда нечта нотурар объект шу тартибда газ тармоғига уланганини сўраган. 25 та объект шу тартибда газ тармоғига улангани бўйича жавобни олгач, зудликда ушбу объектларни газ тармоғидан узиш ҳамда вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларини инвентаризациядан ўтказиб, ноқонуний ҳолатлар аниқланса, уларни ҳам газ тармоғидан узиш ва ҳавфсиз жиҳозларга алмаштириш юзасидан туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарлари ва газ идоралари раҳбарларига топшириқ берган.

Тўра Боболов, шунингдек, мазкур ҳолат тафсилотларини оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига очиқ-ойдин кўрсатиш бўйича масъулларга вазифа юклаган.

Мавзуга доир:

Аввалроқ Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлиб, шундан сўнг воқеа юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Куннинг иккинчи ярмида эса портлашда ҳалок бўлганлар 2 нафарга етгани айтилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси эса портлаш юзасидан расмий видеобаёнот берган.