Буюк Британиянинг «YouGov» социология институти дунёдаги энг ҳурматли одамлар рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда институт веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Business Insider»

Маълум қилинишича, институт томонидан ўтказилган сўровномада 38 мамлакат ва ҳудуддан 42 мингдан ортиқ киши иштирок этган.

Унга кўра, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама биринчи ўринни, Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс иккинчи ўринни, ХХР раиси Си Цзиньпин эса учинчи ўринни эгаллаган. Тўртинчи ва бешинчи ўринларда мос равишда футболчи Криштиану Роналду ва актёр Жеки Чан қайд этилган. Россия президенти Владимир Путин тўққизинчи ўриндан жой олган.

Шунингдек, кучли ўнталикка «Tesla» асосчиси Илон Маск, футболчи Лионел Месси, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва «Alibaba» гуруҳи асосчиси Жек Ма кирган. Кучли 20 талик орасидан миллиардер Уорреф Баффет (11-ўрин), АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп (13-ўрин), Рим папаси Франциск (16-ўрин) ва АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден (20-ўрин) жой олган.

Аёллар рейтингида учинчи йил кетма-кет Барак Обаманинг рафиқаси Мишел етакчиликни қўлга киритган. Иккинчи ўринда актриса Анжелина Жоли, учинчи ўринда қиролича Елизавета II қайд этилган.

Аввалроқ пандемия даврида вафот этган президентлар рўйхати эълон қилинганди. Шунингдек, дунёнинг қайси президентлари жосуслик тизими орқали кузатилгани маълум бўлганди.