2021 йил 17–18 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳри Африка давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги учинчи саммитга мезбонлик қилади (аввалги иккитаси 2008 йилда Истанбулда ва 2014 йилда Экваториал Гвинея пойтахти Малабо шаҳрида бўлиб ўтган). COVID-19 пандемияси туфайли қайта-қайта қолдирилиб келаётган жорий тадбир олдидан 21–22 октябрь кунлари Истанбулда ҳам ишчи-форум бўлиб ўтди ва октябрь ойи ўрталарида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан Африканинг учта давлатида — Нигерия, Ангола ва Тогода тўрт кунлик турне ташкил этилди. «Эксперт минбари» рукнининг бугунги меҳмони россиялик антрополог, Африка бўйича эксперт Алексей Целунов Туркиянинг Африкадаги ҳаракатлари ва мақсадлари ҳақида ҳикоя қилади. 

Фото: «AFAM»

Агар минерал ресурсларга бой Қора Африканинг иккита йирик (номинал ЯИМ бўйича) иқтисодиётга эга давлати — Нигерия ва Анголага қизиқиш тушунарли бўлса, 2021 йил баҳор–ёз ойларида ишбилармонлик учрашувлари ўтказилган Тогога ташриф айниқса муҳим воқеа бўлди. Дарҳақиқат, халқаро оммавий ахборот воситаларининг эътиборини камдан-кам ўзига тортадиган Того Республикаси Туркиянинг Ғарбий Африкадаги дипломатик алоқалар тармоғидаги сўнгги «заиф бўғини» эди. Бироқ Ғарбий Африка қирғоғи учун энг муҳим бўлган Ломе денгиз портининг эгаси бўлган бу кичик мамлакат Адетикопе иқтисодий зонасида тезкор рақамли трансформация ва саноат ишлаб чиқаришини яратиш билан бирга юқори иқтисодий ўсишни бошдан кечирмоқда, шу сабабли, Туркия учун уни «ўтказиб юбориш» уят бўлади.

Президент Эрдўғон ҳукумат раҳбари бўлган даври билан биргаликда Африкадаги жами 30 давлатга 46 марта ташриф буюрган. Буларнинг барчаси расмий протокол учрашувлари ва хушомадлик ташрифлари эмас. Эрдўғон ҳар бир сафарида таниқли саноатчилар ва инвесторларни ўзи билан олиб борди. “Эрдўғон даври» бошланишидан олдин ҳам кенгайишнинг илк яратувчиси ва ташаббускорларидан бири — 1997–2002 йилларда Туркиянинг либерал ташқи ишлар вазири бўлган Исмоил Жем 1998 йилда қитъа билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун Африка Эйлем Плани (Африка Ҳаракат режаси) дастурини ишлаб чиққан ва тақдим этган. Лекин айнан 2002 йилда Туркияда «Адолат ва тараққиёт партияси»нинг ҳокимиятга келиши ва айниқса 2005 йилнинг «Африка йили» деб эълон қилиниши билан Туркия «Африка треки» устида фаолроқ ишлай бошлади. Унда у бир қатор Африка мамлакатларида маданий, гуманитар, иқтисодий ва ҳарбий лойиҳаларни изчил амалга оширди ҳамда янги савдо бозорларини ўз олдига мақсад қилиб олди.

Ҳозирда бу соҳада асосий ролни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Африканинг жанубий Саҳара департаменти бош директори, Шарль де Голль лицейи (Анқара) битирувчиси Франция, Марокаш, Гвинея ва Украинада тажрибага эга Нур Сагмон ўйнамоқда. Охирги мамлакатда у 2015 йилда, Эбола эпидемияси ўртасида ишлаган ва 2021 йилда ҳарбийлар томонидан ағдарилган президент Альфа Конде ва Туркия ўртасида алоҳида муносабатлар ўрнатилишига эришган. Биринчи хоним Эмине Эрдўғон ҳам ниҳоятда фаол. У турмуш ўртоғининг «Африка турнеси» вақти, 2021 йил октябрь ойида Абужада (Нигерия) Юнус Эмре фонди филиалининг очилишида шахсан иштирок этган. Бундан сал аввал у француз, инглиз ва араб тилларига таржима қилинган «Африкадаги саёҳатларим» (Африка сеяҳатлерим) китобини оммага тақдим этди. Унинг нусхалари 2021 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Африка етакчиларининг турмуш ўртоқларига тақдим этилган.

Фото: «Reuters»

Бажарилган ишларнинг натижалари ўзи ҳақида сўзлайди. Ҳозирда қитъада 43 та дипломатик ваколатхона (2002 йилда 12 та) мавжуд. Шунингдек, 46 та ишбилармонлар кенгаши фаолият кўрсатмоқда; Турк ҳаво йўлларининг 60 та йўналиши очиқ; савдо айланмаси Хитой билан солиштирганда (180 миллиард доллар) кам бўлса-да, 2003 йилдаги  5,4 миллиард доллардан 2020 йилда 25,3 миллиард долларга етди. Африкага жами турк экспортининг 10 фоизи боради.

Туркия ва турк маҳсулотларининг мавжудлиги турли хил ва жуда кутилмаган соҳаларда сезилади. Агар сиз Камеруннинг китоб дўконларида сайр қилсангиз, Истанбул нашриётларида чоп этилаётган арзон китоб маҳсулотларининг катта ассортиментига кўзингиз тушади. Сенегал расталаридаги ширинликларнинг деярли 90 фоизи, шу жумладан, конфет ва печеньелар Туркиядан импорт қилинади. Ушбу Ғарбий Африка мамлакатининг кундалик ҳаётида қиём билан тўлдирилган машҳур печенье турк тилида бискрем деб номлана бошланди.

Бу ишлар фақатгина китоблар, журналлар ёки печеньелар билан чекланиб қолмайди. Сенегалнинг ўзида Туркиянинг FKS ун ишлаб чиқариш компанияси ун, ҳайвонлар ва паррандалар учун ем ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Жазоир каби Шимолий Африканинг муҳим давлатида турк компаниялари энг йирик иш берувчилар (2020 йилда 800 та корхонада 28 минг киши) ва унинг иқтисодиётига энг йирик сармоя киритувчилар (2020 йилда 3,5 миллиард доллар) ҳисобланади. Эфиопияда 20 минг ходимга эга 225 турк фирмаси (тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат саноати ва бошқалар) мавжуд.

Karpowership’нинг сузувчи электр станциялари Гвинея-Бисауни 100 фоизгача ва Серра-Леонени 80 фоизгача электр энергияси билан таъминлайди. Айнан Африкада — Сомалида — Туркиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси (Пойтахти Могадишода) жойлашган.

Фото: «Anadolu Agency»

Яқинда Гамбия пойтахти Банжулда 22-офис очган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) Африкада фаол ишламоқда (унинг раҳбари Сердар Чамнинг сўзларига кўра, агентлик молиявий ёрдамининг учдан бир қисми Африкага тўғри келади), Юнус Эмре маданият фонди (жами саккиз вакиллик), Гуленчилик лицейларини фаол равишда «сиқиб чиқараётган» ва ҳозирда жами 17,5 минг африкаликка таълим бераётган “Маариф” Туркия давлат таълим жамғармаси ва Туркия Дин ишлари бошқармаси (Диянет) масжидлар қурилишида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Гананинг пойтахти Аккра шаҳрида Истанбулдаги машҳур кўк масжид архитектурасини такрорловчи, Ғарбий Африкадаги энг йирик масжидлардан бири қурилиши молиялаштирилди.

Шунингдек, фалокатларни бартараф этишга ёрдам берувчи Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD), Турк Қизил Ярим ой жамияти (Кизилай), DEIK, MUCIAD ва TÜSİAD бизнес бирлашмалари ва бошқа давлат ва хусусий жамғармалар шулар жумласидан. Ниҳоят ва энг муҳими — Африка Иттифоқининг асосий тилларида Африка янгиликлари Anadolu агентлигида мавжуд ва турк сериаллари узоқ вақтдан бери маҳаллий телеканалларда намойиш этилмоқда.

Ва албатта, ҳарбий техника. Эрдўғоннинг сўнгги йиллардаги деярли ҳар бир ташрифида мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик масалалари кўтарилиб келинмоқда. Турк қуроллари, хусусан, Байрактар ТБ2 ва Анка-С ҳужумчи дронлари, шунингдек, зирҳли транспорт воситалари, зирҳли машиналар ва бошқа техникалар анчадан бери ва узоқ вақт давомида харидорлари Африкадан бўлган кўплаб давлатларни қизиқтирган. Туркиянинг учувчисиз учоқларини сотиб олувчилар орасида аллақачон Марокаш, Тунис, Эфиопия бор, Нигер билан эса шартнома якунланиш арафасида. Африканинг ўнлаб юқори мартабали амалдорлари 2021 йил август ойида Истанбулда ҳар йили бўлиб ўтадиган IDEF қуроллари кўргазмасида иштирок этди.

Эрдўғон 2021 йил октябрь ойида ташриф буюрган уч давлатдан иккитаси (Нигерия ва Того) учун ҳарбий ҳамкорлик устувор йўналиш бўлган. Нигерия «Боко Ҳарам» сектасининг қолдиқларини ютиб юборган шимолий-шарқдаги «Исломий давлат» террорчиларининг, шимолий-ғарбда эса қуролли бандитизм ва жанубда «Биафра» фаолларининг сепаратизм таҳдидларидан азият чекмоқда. Того эса мамлакатнинг шимолий чегараларини безовта қиладиган Саҳелдан жиҳодчиларнинг бостириб киришидан қўрқади. Худди шу жойда, Ломе шаҳрида Эрдўғон Либерия ва Буркина-Фасо президентлари билан учрашиб, терроризмга қарши биргаликда курашиш бўйича келишиб олди.

Туркия ҳарбий техникаларига юқори даражада машҳурлик Туркиянинг Ливия ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорлик шартномаси (2019) муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг келди. Туркиянинг ҳарбий ёрдами, шу жумладан,  2020 йилга келиб етказиб берилган қуроллар исёнчи қўмондон Халифа Ҳафтар қўшинларининг Триполига юришини тўхтатди ва Триполида ўтирган бош вазир Фаиз Сарражнинг Миллий келишув ҳукуматини катта даражада сақлаб қолди. Кейинчалик Туркиянинг жанговар дронлари Суриядаги (2020) ва Тоғли Қорабоғдаги (2020) ҳарбий можароларда ўзини яхши намоён этди.

Энг муҳими, Туркия Африка давлатларининг қуролли кучларини ривожлантиришнинг энг оммабоп концепциясини таклиф қилди. У биринчи навбатда ички таҳдидларга қарши кураш ва аксилтеррор операцияларида намоён бўлди (бунинг учун зирҳли транспорт воситалари, дронлар, шахсий ҳимоя воситалари: зирҳлар, каскалар, комбинезонлар таклиф қилиниши ва бошқалар).

Туркия, Африкадаги кўплаб «янги ўйинчилар», масалан, Россия каби ўзини win-win стратегиясининг ташувчиси деб билади. Яъни, Африка давлатлари билан умумий мустамлакачилик ўтмиши ва токсик неоколониал алоқалар билан боғланмаган ва фақат ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилган мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда. Бундан ташқари, у маълум бир умумий тарихга эга мамлакатдир. Шимолий Африка қирғоқларининг бир қисми — замонавий Ливия, Жазоир, Тунис — номинал жиҳатдан Усмонли империясининг бир қисми бўлганини, катта автономияга эга бўлганини ва кўпинча фақат рамзий ўлпон тўлаш ва султонларнинг маънавий ҳукмронлигини тан олиш билан чегараланганлигини эслаш кифоя.

Бундан ташқари, 16-асрдан бошлаб Ливиянинг Триполи шаҳри орқали Усмонли империяси Ғарбий Судан ва Чад кўли ҳавзасидаги исломийлашган суб-Саҳара қиролликлари ва султонликлари билан алоқа ўрнатди.

Умуман олганда, Туркия, айниқса Африканинг кенг тарқалган француз тилида сўзлашувчи мамлакатларида Ғарбга қарши ва ҳатто французларга қарши кайфиятда жуда муваффақиятли ўйнамоқда. Туркия ўзининг «юмшоқ кучи»нинг ижобий, мазмунли қисмида эса умумий маданий баcкграунд, Исломни муваффақиятли намоён этмоқда. Шунинг учун асосий қизиқиш Мағриб (Жазоир, Тунис ва Марокаш) ва Африка Шохига қаратилган. Лекин, сўнгги йилларда Туркия Ғарбий Африканинг исломий ёки исломлашган мамлакатлари — Чад, Мали, Мавритания, Нигер ва Сенегал ва бошқаларга қизиқиш билдирмоқда.

Ҳамма жойда у нафақат эски (Франция), балки янги (Хитой) кучлари билан ҳам кескин рақобатлашиши ва таклиф қилинган муқобилларнинг жозибадорлигини асослай олиши керак. Туркиянинг soft power соҳасида ташқи сиёсатдаги муваффақиятлари, айниқса, собиқ мустамлакаларини ўзининг устувор манфаатлари зонаси деб биладиган, аммо Совуқ уруш тугаганидан кейин эрозияга ва маҳаллий фуқаролик жамияти, айниқса сиёсийлашган ёшлар кескин танқидга учраган Францияда жуда оғриқли. Туркия, хусусан, «муқаддаслар муқаддаси» бўлган “Франсафрик” – Габон ва Кот-д’Ивуарга қизиқиш билдирмоқда. Шунинг учун Франция Президенти Эммануэл Макрон 2020 йилги катта интервьюсида Туркия ва унинг Африка экспансияси ҳақида кескин гапирди.

Лекин… катта “лекини” ҳам бор. Туркиянинг ўзида юзага келган ноқулай тенденциялар — репрессияларнинг кучайиши, суд-ҳуқуқ ва банк тизимларининг мустақиллигини йўқотиши, Шарқий Ўрта Ер денгизида мамлакатнинг халқаро изоляцияси ва Ғарб давлатлари, хусусан, Франция билан муносабатларнинг кескинлашиши — буларнинг барчаси Туркияни ташқи муносабатларда ички ва ташқи қонунийлик инқирозини бошдан кечираётган автократик режимлар билан яқинлашишга ундайди. Бунга энг характерли мисол — Судан раҳбари Умар ал-Башир билан яқинлашиш, яъни унинг режимига қарши инсониятга қарши жиноятлар ва терроризмни молиялаштириш учун халқаро санкциялар мавжуд эди.

Совуқ урушдан кейин Африкадаги бошқа ҳар қандай хорижий куч каби Туркиянинг ҳам сиёсати имкон қадар прагматикдир. Туркия, энг аввало, иқтисодий ва геосиёсий соҳаларда ўз манфаатларини кўзлайди, қисқа муддатли ва амалга оширилиши мумкин бўлган вазифаларни қўяди ва ўз йўналишини доимий равишда тўғрилаб боради. Фақат битта умумий мақсадни — дунёда ўз салмоғи ва таъсирини оширишни назарда тутади.

Фото: «Anadolu Agency»

Аввало, ўсиб бораётган Туркия иқтисодиёти учун ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, мебель ва болалар буюмларидан тортиб, юқори аниқликдаги қуроллар ва илм-фанни талаб қилувчи мураккаб маҳсулотларгача бўлган янги савдо бозорлари керак. Албатта, бу баъзи салбий оқибатлардан холи бўлмайди. Масалан, 2017–2020 йилларда Туркия Тогога жами 184 миллион долларлик товарлар экспорт қилган ва атиги 13 миллион долларлик импорт амалга оширган. Тунис анча характерли мисол — турк импорти туфайли ташқи савдо балансидаги 3,09 миллиард долларлик камомаднинг 900 миллион доллари Туркияга тўғри келади (Хитой ва Италиядан кейин учинчи ўрин). Шу билан бирга, турк инвесторлари Тунисга унчалик қизиқиш билдирмайди — 2020 йилда 3455 хорижий компаниядан атиги 25 таси туркларга қарашли эди.

Ички бозорларда арзон турк маҳсулотларининг кўпайиб кетиши миллий саноатнинг, хусусан, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатининг барбод бўлишига хизмат қилмоқда. 2018 йилда Тунис охир-оқибат турк маҳсулотларига 27 фоизлик бож жорий қилди ва 2021 йил август ойида мамлакат Туркиядан 2005 йилдаги савдо келишувини қайта кўриб чиқишни, жумладан, музлатиш ва ҳатто бекор қилишни талаб қилди. 2020 йилда Марокаш билан савдо баланси 1,9 миллиард долларни ташкил этди – бу ҳам яна Туркия фойдасига. 2021 йил май ойида 2004 йилги савдо битими тарифларни ошириш бўйича қайта кўриб чиқилди. Тунисда бўлгани каби Марокашда ҳам турк импортёрлари ва ритейлерлари ноҳақ операцияларда ва маҳаллий саноатни вайрон қилишда айбланган (ҳукумат маълумотларига кўра, фақат 2017 йилнинг ўзида мамлакат тўқимачилик саноатида 44 минг иш жойини йўқотган).

Ғарбий Африка ва Мағрибдан ташқари Туркия, айниқса Усмонли империяси билан яқин сиёсий, дипломатик ва мафкуравий алоқаларга эга бўлган Африка шохига ҳам қизиқиш билдирган. Аммо улар интенсивлиги бўйича Уммон билан алоқалардан анча паст эди. Сомалига Туркия раҳбари 2011 йилда даҳшатли қурғоқчилик ва у сабабли пайдо бўлган очарчилик даврида муваффақиятли «қўнди». Аслида эса мамлакат президенти ва замонавий Сомали давлатчилиги «отаси» Шариф Шайх Аҳмаддан мамлакатни қайта қуриш ва иқтисодиётини модернизация қилиш учун рухсат олди. Тез орада мамлакатда Туркиянинг энг йирик хорижий ваколатхоналаридан бири очилди. 2014 йилгача Туркиянинг иштироки инсонпарварлик ташаббуслари билан чекланган эди, бироқ тез орада улар сиёсий воситачилик ҳаракатлари ва қуролли кучларни қайта ташкил этишда ёрдам билан тўлдирилди.

Бир қарашда Сомалига бўлган қизиқиш оқилона эмас. 2011 йилда Сомали кўп йиллик фуқаролик тўқнашуви туфайли деярли вайрон бўлди. Сомали минтақадаги энг узун қирғоқ линиясига эгалиги ва стратегик жиҳатдан энг муҳим транспорт ва логистика ҳудудида — Адан кўрфазида жойлашгани ҳисобга олинса, дисфункционал институтлар ишламай қолган, клан низолари ва «Аш-Шабоб» гуруҳининг террорчилик фаолияти билан боғлиқ сурункали беқарор мамлакатга қизиқиш янада тушунарли бўлади. Урушдан кейинги банк, телекоммуникация, савдо, хизматлар ва кўчмас мулк бозорининг тез ва энг юқори ўсиши эса катта фойда келтирди.

Сомалининг бу афзалликлари Туркиядаги ишбилармон ва ҳукумат доиралари томонидан тезда эътироф этилди. Турк операторлари Albayrak Group ва Favori LLC денгиз порти (2014) ва пойтахт Могадишодаги аэропорт (2013) бошқарувини қабул қилди ва турк девелоперлари мамлакатда ишлай бошладилар. Туркиянинг Сомалига киритган сармояларининг умумий ҳажми 100 миллион долларга етди, кўрсатилган ёрдамнинг умумий ҳажми эса тахминан 1 миллиард АҚШ доллари. Энг муҳим лойиҳалар қаторида Р. Т. Эрдўғон номидаги ўқув ва тадқиқот Сомали–Туркия касалхонаси (2015 йил), янги Сенат биноси (2017 йил) ва бошқалар бор. Сомалилик талабаларга стипендия ва грантлар ажратилди; Туркияда сомалилик муҳожирларнинг кичик жамоаси тузилди; Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида Сомали диаспорасига тегишли ресторанлар, кафелар, дўконлар ва бошқа корхоналар пайдо бўлди.

2017 йилда Могадишода Туркиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси – пойтахтнинг жануби-ғарбий чеккасида жойлашган Сомали махсус кучларини тайёрлаш бўйича Турк-Сом ўқув маркази очилди. Турк ҳарбий инструкторлари федерал қуролли кучларни қайта ташкил этиш билан шуғулланган. Хусусан, улар «Горгор» («бургутлар») махсус кучларининг бешта пиёда батальонини ва Ҳарамад («гепард») полициясининг махсус бўлинмасини ўқитган. Туркия президентлик идорасидаги нуфузли тарафдорларидан ташқари бу мамлакатда бошқа нуфузли иттифоқчилар ва лоббичиларни ҳам топди. Туркиянинг иттифоқдоши Қатар томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланган мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири бўлган собиқ бош вазир Ҳасан Али Хайр турк ҳимоячиси саналади.

Шуниндек, ўзаро манфаатли шериклик риторикасига қарамасдан, савдо-иқтисодий алоқалардаги тенгсизлик бу ерда ҳам кўзга ташланади: 2020 йилда Туркия Сомалига Туркияга экспорт қилганидан 50 баробар кўп (жами 280 миллион доллар) маҳсулот импорт қилди. Можародан кейинги тикланиш муваффақиятлари ҳам турлича. Турли сиёсий ва ҳарбий-сиёсий кучларнинг кескин тўқнашувлари давом этмоқда, кўпинча одамлар қурбон бўлиши, аҳолининг чиқиб кетиши, инфратузилманинг вайрон бўлиши ва радикал исломчиларнинг кучайишига олиб келадиган қайноқ босқичга айланиб бормоқда. Улар кланлараро адоват, шунингдек, ер ва сув ресурслари бўйича кескин низолар билан мураккаблашади.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунга қадар расмий макроиқтисодий кўрсаткичларга кўра Сомали дунё ва Африканинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлиб қолмоқда, коррупция индекси (2020) бўйича охирги ўринни эгаллаб турибди, унинг аҳолисининг 70 фоизи камбағалликда яшайди, 60 фоиздан ошиғи саводсиз (2018). Аслида, Сомалининг бирлиги етакчи Сомали кланлари вакиллари ва улар билан боғлиқ қуролли тузилмалар ва милициялар, ишбилармон доиралар ва уларнинг хорижий ҳамкорлари (шу жумладан, Туркия) ўртасидаги мураккаб ва асосан норасмий муносабатлар тизими томонидан қўллаб-қувватланади.

Сомалида Могадишодаги федерал институтлар билан ушбу мамлакатнинг федерал ҳудудлари ёки штатлари (Жубаланд, Жануби-ғарбий, Хиршабелла, Галмудуг, Пунтленд, де-факто мустақил Сомалиланд) ўртасида тартибга солинмаган муносабатлар масаласи айниқса кескин бўлиб, Туркия аслида геосиёсий манфаатлар тўқнашувидаги томонлардан бирига айланди. Могадишодаги марказий ҳукумат Туркия ва Қатарга эътибор қаратган бир пайтда, тан олинмаган Сомалиланд ва Пунтланд автоном ҳудуди Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 2017 йил июнь ойида терроризмни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ички ишларига аралашишда айблаб, санкциялар жорий қилган ва иқтисодий блокада бошлаган Қатар билан дипломатик алоқаларини узганидан кейин Қатар билан кескинлашган БАА билан алоқаларни йўлга қўймоқда.

Шундай қилиб, Туркия Могадишода ва пойтахт Бенадир туманида маълум бир обрўга эга бўлди. Лекин унинг таъсири энг барқарор ва ривожланган квази-давлат тузилмалари Сомалиланд ва Пунтландда заиф.

Туркпараст президент Муҳаммад Абдуллоҳ Муҳаммад ўз ваколатларини суиистеъмол қилгани, унинг маъмуриятининг 2019–2020 йиллардаги минтақавий сайловлар натижаларига таъсир ўтказишга уринишлари, Қатар ва Туркияга яқин бўлган, радикал исломчилар билан алоқада бўлган разведка бошлиғи Фаҳад Ясиннинг ролини оширишда гумон қилинганидан кейин, пойтахтда, айниқса, 2021 йилнинг февраль–апрель ойларида турклар томонидан тайёрланган махсус кучлар ва полициячилар ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ва сиёсий фаолларни ҳибсга олишда иштирок этганидан сўнг Туркияга қарши маълум бир мухолиф кайфияти ҳам шаклланган эди.

Агар 2011 йилда Туркия иштиёқ билан кутиб олинган бўлса, энди, 10 йил ўтиб, унга нисбатан муносабат унчалик аниқ эмас, гарчи умуман олганда, у ҳали ҳам ижобий бўлса ҳам. Сомалидаги федерал ҳукуматнинг ўз мамлакатини ривожлантириш вазифаларини ҳал қилишда унчалик муваффақиятли бўлмаган қўллаб-қувватлаши иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши туфайли Туркиянинг ўзида саволлар туғдиради (Сомали 2021 йилда 30 миллион доллар «совға» олган эди. Ёнғинларни ўчириш учун самолётларнинг етишмаслиги жамоатчилик танқидига сабаб бўлди).

Ниҳоят, Туркия иқтисодиётининг ўзи ҳозир оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Бир қатор экспертларнинг фикрича, Президент Эрдўғоннинг давлатнинг иқтисодий сиёсатига атайлаб аралашуви, хусусан, Марказий банк назоратини ўз қўлига олиши, бир томондан, экспорт ҳажмининг катта ўсишига олиб келган бўлса, иккинчи томондан лиранинг қулаши, нархларнинг ошиши, ички истеъмолнинг қисқариши ва инвесторларнинг чиқиб кетиши, валюта захираларининг қисқариши ва қарзларнинг ўсишига олиб келди. Турк иқтисодиёти Африка шохидаги ҳозирги кенгайиш ва инфратузилма суръатларини сақлаб қолиш учун йэтарли ресурсларга эга бўладими? Бу энди катта савол.