Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги вазият борасида ҳисобот эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «EU Reporter»

Қайд этилишича, уч ойдан кўпроқ вақт аввал «Толибон» ҳаракати Афғонистонни тўлиқ назорат остига олган ва халқаро коалиция кучлари билан ҳамкорлик қилган аҳолини таъқиб этмасликка ваъда берган. «Лекин ҳаракат ваъдасини унчалик бажармаётганга ўхшайди», дейилади хабарда.

Гуманитар вазият

Афғонистондаги гуманитар инқироз кутилганидан ҳам тез суръатлар билан ривожланмоқда. Очлик афғонларни омон қолиш учун мисли кўрилмаган қадамлар ташлашга ундамоқда. Болаларни сотиш ҳолати сезиларли даражада ошган. Эҳтиёжманд оилалар озиқ-овқат учун пул йиғиш мақсадида ёш болаларни сотмоқда.

БМТ прогнозларига кўра, 23 миллиондан ортиқ афғон (мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи) оғир очарчиликка дуч келади. Аввалроқ гуманитар фалокатнинг энг юқори чўққиси қишнинг иккинчи ярмига тўғри келиши кутилган, бироқ сўнгги маълумотларга кўра, бу ҳозир содир бўлмоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига қараганда, ҳозирда афғонларнинг қарийб 98 фоизи тўйиб овқатланмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аҳолининг миграция ёки очликдан ўлим ўртасида танлов қилишига тўғри келишидан огоҳлантирмоқда.

«Афғонистонни мен ўз амалиётимда ҳеч қачон кўрмаган очлик ва қашшоқлик кўчкиси босиб турибди», — дейди Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистон бўлими раҳбари Мэри-Эллен Макгрегори.

Қайд этилишича, Афғонистондаги гуманитар вазиятга икки ҳолат сабаб бўлмоқда: қурғоқчилик оқибатида ҳосил етишмаслиги ва «Толибон» ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан сўнг мамлакат хорижий активларининг блокланиши.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, ташкилот «Толибон» ҳаракатига қарши курашда халқаро ҳамжамият қандай қийин сиёсий вазиятга тушиб қолганини тушунади. Чунки аксарият Ғарб давлатларида улар террорчи саналади, бироқ эндиликда бутун бир халқ учун бу энди ҳаёт-мамот масаласи турибди.

Қотилликлар

БМТ Инсон ҳуқуқлари агентлиги Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳокимият тепасига келган 2021 йилнинг август ойидан бери суд ва терговсиз содир этилган 100 дан ортиқ қотилликни исботлашга муваффақ бўлган. Қурбонларнинг барчаси Афғонистон хавфсизлик кучлари ва Афғонистон ҳукуматининг собиқ ходимларидир. «Human Rights Watch» хайрия ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида 47 киши ўлдирилган.

«Айрим ҳолларда жасадлар оммага кўрсатилган, бу эса аҳолининг маълум бир гуруҳида қўрқувни кучайтирди», — дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар ўринбосари Нада аль-Нашиф Афғонистондаги жорий вазиятга бағишланган махсус йиғилишда.

«Толибон» ҳаракатининг муносабати

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдулқаҳҳор Балхий БМТ хулосаларини қатъиян рад этиб, янги ҳукумат собиқ ҳукуматнинг барча ходимлари ва уларнинг хорижий иттифоқчиларига амнистия бериш ҳақидаги ваъдасини бажараётганини айтган.

«Амнистия тўғрисидаги фармонни бузгани аниқланган ҳар бир шахс жиноий жавобгарликка тортилади ва жазоланади», — дея қайд этган ТИВ вакили Ғарбни ҳақиқат ва миш-мишни бир-биридан фарқалашни ўрганишга чақирган ҳолда.

«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Қори Сайид Хости ҳам «HRW» ҳисоботи ҳазиломуз далилларга асосланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, собиқ полициячилар ёки аскарларга нисбатан репрессия ҳолати рўй берган, бироқ буларнинг барчаси алоҳида фуқароларнинг шахсий қасоси бўлган ёки гуруҳлар адоватидан келиб чиққан.