Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 14 декабрь куни «Cobalt» билан тўқнашган «Damas» ёниб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган қахвахона рўпарасида ҳайдовчи 1991 йилда туғилган Р.Х. «Damas»ни бошқараётиб, чапга бурилиш вақтида рўпарадан келаётган «Cobalt»ни ўтказиб юбормагани оқибатида тўқнашув содир бўлган. Зарб оқибатида «Damas»да ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида «Damas» ҳайдовчиси 30 ёшли Р.Х. тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Марғилон шаҳар ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан дастлабки терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида «Orlando» ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада юқори тезликда ҳаракатланган «Lacetti» дарахтга урилгани хабар қилинган.