Коронавирус инсон миясига таъсир қилиб, ковиддан кейин асабийлашиш, нафас қисилиши ва қисман амнезияни келтириб чиқаради. Бу ҳақда Россия ССВ бош психиатри Зураб Кекелидзега таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, бемор дастлаб унда коронавирус ёмон кечганини тушунмайди, бироқ бу кейинчалик ёлғон қараш экани маълум бўлади. Психиатр хотиранинг қисман йўқолиши касалликка чалинганлар учун кенг тарқалган аломатлардан бири эканини қайд этган.

«Одамлар баъзи сўзларни унута бошлайди. Ковиддан тузалган беморларда асабийлашиш ҳам кузатилади», — деган у.

Кекелидзенинг таъкидлашича, коронавирусга чалинган вақтда асаб тўқимасини қонда айланиб юрадиган микроорганизмлардан, токсинлардан, иммунитет тизимининг ҳужайрали ва гуморал омилларидан ҳимоя қиладиган қон-мия тўсиғи фаолияти бузилади.

Аввалроқ коронавирусдан 100 фоиз ҳимоя қила оладиган вакцина ишлаб чиқилиши мумкинлиги хабар берилганди. Шунингдек, коронавируснинг яна бир хавфли аломати маълум қилинган.